ОАВ: Америкага кириш талаблари оғирлаштирилмоқда

Улашиш:

АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) мамлакатга кириш, доимий яшаш ёки фуқаролик олиш учун ариза берувчиларга нисбатан янги, кескин талабларни жорий этди. Эндиликда аризалар «Америкага қарши» қарашлар ва хатти-ҳаракатлар асосида ҳам баҳоланади.

Янги тартибга кўра, антиамерикалик ёки антисемитик ғояларни қўллаб-қувватлаш, айниқса антисемит террорчи ташкилотлар билан алоқадорлик “ўта салбий омил” сифатида баҳоланади. Бироқ агентлик ҳозирча «антиамерикалик қарашлар» аниқ нима эканини очиқ белгиламаган.

The Wall Street Journal қайд этишича, бу қоида Совуқ уруш давридаги – коммунистик партиялар аъзоларига мамлакатга кириш тақиқланган қонунларга жуда ўхшаш.

Талабларнинг анъанавий рўйхати ҳам қолмоқда: оғир жиноятлар, гиёҳванд моддалар савдоси ёки истеъмоли, маст ҳолда автомобил бошқариш, йўл қоидаларини мунтазам бузиш кабилар ҳам салбий омил ҳисобланади.

Шу билан бирга, олий маълумот, барқарор иш тажрибаси, оилага ғамхўрлик ва жамият ҳаётидаги фаоллик ижобий омил сифатида инобатга олинади. Мутахассисларнинг фикрича, янги талаблар Америкага қонуний кириш ва фуқаролик олиш жараёнини сезиларли даражада оғирлаштириши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.