Тошкент шаҳрида фуқаролар ва тиббиёт ходимлари иштирокида ташкил этилган йўлланма савдоси фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, пойтахтлик бир шахс Телеграм орқали эълонлар жойлаштириб, исталган шифохонага имтиёзли ордер тайёрлаб беришни ваъда қилган. Бунинг учун у 1,5–2 миллион сўм атрофида пул талаб қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма рейд тадбирлари давомида ушбу шахс ва унинг шериклари, жумладан, бир нечта тиббиёт ходимлари қўлга олинди.
Текширув пайтида улардан бири Ибн Сино номидаги 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига йўлланмани тақдим этгани маълум бўлди. Ҳужжат барча қоидаларга кўра расмийлаштирилган: шифокор имзолари, муассаса муҳрлари, лаборатория таҳлиллари ва бемор тиббий картаси билан. Бу эса коррупция схемасининг тизимли равишда амалга оширилганини кўрсатади.
Ҳозирда тиббиёт муассасалари масъулларидан тушунтириш хатлари олинган ва мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча фуқароларни тиббиёт соҳасидаги коррупция ҳолатлари ҳақида 1203 ишонч телефони ёки махсус Telegram-бот орқали хабар беришга чақирди.
Аввалроқ “Юксалиш” ҳаракати ўтказган сўровда шифокорлар соҳага нисбатан салбий фикрларни инкор этган бўлса-да, беморлар “раҳмат” тариқасида пул бериш ҳолатлари давом этаётгани маълум қилинган эди. Шу билан бирга, июль ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиётни трансформация қилиш доирасида порахўр шифокорларни аниқлаш бўйича уч ойлик дастурни амалга оширмоқда.