Ўзбекистонда хорижда ишга жойлаштириш хизматларини лицензиясиз амалга оширгани аниқланган “Adworld Group” компанияси билан боғлиқ янги маълумотлар очиқланди. Мазкур фирмани ижтимоий тармоқларда реклама қилган блогерлар — Отабек Жўраев ва Абдураҳмон Абдураҳмоновга нисбатан қонунбузарлик ҳолати бўйича маъмурий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар судга юборилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмита хабарига кўра, блогерлар ўз пост ва видеоларида “Adworld Group” компанияси фаолиятини консалтинг сифатида эмас, балки тўғридан-тўғри фуқароларни хорижда ишга юбориш хизмати сифатида тарғиб қилган. Аммо компаниянинг бу йўналишда фаолият юритиш учун лицензияси мавжуд эмаслиги аниқланган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида хорижга ишга юбориш хизматлари лицензия мавжуд бўлган тақдирдагина тақдим этилиши мумкинлиги қатъий белгиланган. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига асосан тегишли рухсатнома ёки лицензияга эга бўлмаган хизматларни реклама қилиш тақиқланади.
Шу тариқа, реклама орқали фуқаролар адаштирилгани учун икки блогерга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, иш суд кўриб чиқишига юборилди.