Наманганда Миграция агентлиги ходимлари 41 минг доллар пора билан жиноят устида қўлга тушди

Улашиш:

Наманганда Миграция агентлигининг икки масъул ходими пора олаётганда жиноят устида қўлга тушди. Улар фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш баҳонасида йирик миқдорда пул олиб келаётгани аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, агентликнинг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, бир гуруҳ фуқароларни алдаш орқали ишончига кирган. У Жанубий Кореяга ишга юбориш баҳонасида улардан 41 минг АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув жараёнида мазкур ноқонуний фаолият агентлик марказий аппаратининг бош мутахассиси билан ҳамкорликда амалга оширилгани маълум бўлди. Кейинчалик ўтказилган тезкор тадбирда у ҳам 15 минг доллар пора олаётганда ушланган.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур шахслар 2024 йил давомида 80 нафардан зиёд фуқароларни Кореяга ишга жойлаштириш баҳонасида 700 минг доллардан ортиқ пул олган, аммо уларни ҳеч қаерга юбормаган.

Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан бу иш юзасидан Жиноят кодексининг 168 ва 28,211-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Мазкур ҳолат ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва фуқароларимизнинг хорижда қийин аҳволга тушиб қолишини бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган давлат тадбирларининг яна бир мисоли сифатида қайд этилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.