Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Беҳзод Қобулов таҳқирлаш айбловлари билан боғлиқ можаро ортидан истеъфо берди. У бу ҳақда 25 август куни ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Қобулов постида шундай ёзган:
“Мен вазиятни ҳар томонлама мулоҳаза қилиб кўргач, Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари лавозимидан истеъфо беришга қарор қилдим. Бўлди. Иззатим битди, менингча. Бир йилки, менга ёпишиб олиб, туну кун ҳалол ишлаётган, катта меҳнатлар билан келажакни қураётган ҳамкасбларимга маломат тошлари отилишига жим қараб туролмайман. Жамоанинг ҳаловати мен туфайли бузилаётгани руҳимни ҳақоратлайди”.
У ўз изоҳида шахсий манфаатидан кўра жамоа обрўсини устун қўйганини таъкидлаб, можарони суд-ҳуқуқ органлари баҳолаши тўғри бўлишини билдирган.
Ўзи нима бўлган эди?
Матбуот котибининг ишдан кетиши собиқ депутат, жамоат фаоли ва блогер Феруза Мадрасулованинг ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаати ортидан юз берди.
Мадрасулова Қобуловни ўзини таҳқирлаган ва шаънига путур етказган ёзувлар юборганликда айблади. Унга кўра, бу хабарлар оммавий гуруҳда тарқатилган ва ҳақорат ҳамда туҳматларга тўла бўлган.
Беҳзод Қобулов эса дастлаб бу айбловларни рад этган. Унинг айтишича, кўрсатилган ёзувлар унга тегишли эмас ва фейк ҳисобланади. Шу билан бирга, у масала бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилинганини ҳам маълум қилган.
Ҳозирча можаро юзасидан суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг расмий хулосаси эълон қилинмаган. Аммо Қобуловнинг истеъфоси ҳокимлик жамоаси атрофидаги вазиятга аниқ таъсир кўрсатгани айтилади.