Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида замонавий ахборот тизимлари кенг қўлланилиши режалаштирилган. Бу тизимлар орқали маълумотларни тўғри, тезкор ва ишончли қайта ишлаш имконияти яратилади.
Дастлаб аҳолини рўйхатга олиш Интернет орқали амалга оширилади. Бу босқичда респондентлар махсус веб-сайт орқали ўзлари ҳақидаги маълумотларни ихтиёрий тарзда киритиши мумкин. Кейинчалик ушбу маълумотлар умумий рўйхатга қўшилади ва манзиллар базаси яратилади. Шундан сўнг рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб, планшет қурилмалари ёрдамида сўровномаларни тўлдиради.
Аҳолини рўйхатга олишнинг ахборот тизимига қўйилган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
сўровнома шаклларидаги саволларни дастурий тарзда шакллантириш;
киритилган маълумотларни доимий равишда мантиқий назоратдан ўтказиш;
рўйхатга олиш варақаларини киритиш ва қайта ишлаш жараёнини автоматлаштириш;
давлат органларининг ахборот ресурслари билан интеграция қилиш;
шахсий маълумотларни автоматик қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш;
рўйхатдан олинган маълумотларни махфий ҳолда сақлаш ва фақат статистик мақсадларда фойдаланиш;
шaxcий бўлмаган маълумотлар базасига тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда киришини таъминлаш;
рўйхат натижаларидан самарали фойдаланиш учун дастурий воситалар тайёрлаш;
маълумотларни қайта ишлаш ва мониторинг қилиш жараёнини доимий қўллаб-қувватлаш;
манзиллар ва маълумотномалар реестрини янгилаб бориш.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотлар фақат статистик мақсадларда қайта ишланади, улардан ташқарига тарқатишга йўл қўйилмайди. Бунинг учун ахборот тизимларида юқори даражадаги ҳимоя чоралари қўлланилади.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида қўлланиладиган электрон тизимлар нафақат иш самарадорлигини оширади, балки замонавий маълумотлар базаси орқали мамлакатдаги демографик ҳолатни чуқур таҳлил қилиш имконини ҳам беради.