Адлия вазирлиги: Давлат бошқарувида “қўл” бошқарувидан “ақлли” бошқарувга ўтилади

Улашиш:

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилган ўзгаришлар юзасидан билдираётган танқидий фикрларга жавоб берди.

Баёнотда айтилишича, маъмурий ислоҳотларга оид фармон ва қарор лойиҳалари “чуқур таҳлиллар асосида”, миллий ва ҳалқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган.

Халқаро эксперт сифатида халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ вакиллари иштирок этгани, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Кенгашининг “Тартибга солиш сиёсати ва давлат бошқаруви бўйича тавсиялари”даги давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича 12 та асосий тавсиялари ўрганилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни 2021 йил ноябрда бошланган, “яъни маъмурий ислоҳотлар доирасидаги ўзгаришлар бир кун, бир ойда шаклланмаган”.

Ўтган давр мобайнида барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 мингта функциялари чуқур таҳлил ва хатловдан ўтказилди, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар тугатилмоқда, қайси вазифа қайси идорага тегишлилиги аниқ белгиланди.


Зерикяпсизми? Келинг ўйин ўйнаймиз!


Натижада ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқарди, 20 та идора тўлиқ тугатилди. Ҳукуматда амалдаги 8 нафар бош вазир ўринбосари ва 3 нафар бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар бош вазир ўринбосари қолдирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, маъмурий ислоҳотларга қадар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда вазирлик ва идоралар сонининг кўплиги танқид қилинарди, турли хил экспертлар чиқиш қилиб, бу борада кескин фикрларни ҳам билдиришарди. Бироқ, бу борада юқорида қайд этилганидек радикал ўзгариш қилинганлиги, вазирлик ва идоралар, мансабдор шахслар сони тубдан қисқарганлигига қарамасдан ушбу ҳолатни асоссиз субъектив талқин қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда
”, – дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.

Давлат органи маъмурий ўзгаришларни “давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан янги босқич вазифаларини амалга ошириш йўлидаги навбатдаги сифат жиҳатдан янги ислоҳот” деб атаган.

Бу ислоҳот натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – Вазирлар Маҳкамаси такомиллаштирилмоқда. Ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, функцияларнинг такрорланиши истисно қилинмоқда. Бюрократия қисқартирилмоқда. Ҳар қандай оқилона ташаббус, рўйхатдан ўтгандан сўнг, идоралараро мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш каби 9 поғонадан ўтишга мажбур бўлган амалиёт ўтмишда қолмоқда. Нотўғри, ҳаддан ташқари юкланган аппарат ўрнини эгилувчан, муайян муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тузилма эгаллайди.


Андижон ва Хоразм алоҳида «хонлик»ми?


Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда. Вазирлик ва идораларнинг функцияларининг оптималлаштирилиши натижасида хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилмоқда”, – дея таъкидланади расмий релизда.

Адлиянинг қатор танқидларга жавобан билдиришича, ҳозиргача турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келган вазирларнинг вазирликлар раҳбарлигига қайта тайинланишини “салбий ҳолат эмас”.

Дунё амалиётида ҳукумат таркибида ротация институти қўлланиши нормал ҳолат ҳисобланади. Шунингдек, янги тайинловлар таркибида ёш раҳбар кадрлар улушининг юқори экани ҳам ижобийдир. Ҳукумат таркибига ёш раҳбарларнинг келгани ушбу соҳага янгича ёндашув, янгича иш услублари қўлланилишига сабаб бўлади”.

Маълум қилинишича, ҳозирги тайинловларга янги ҳукуматни шакллантириш сифатида баҳо бермаслик керак.

Мамлакатимизда янги ҳукуматни шакллантириш тартиби Конституциямизда белгиланган. Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси янгитдан сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилади. Яъни ҳукумат таркиби янги Олий Мажлис шаклланганда янгиланади. Шу сабабли, мазкур тайинловларда ҳукумат таркибини янгилаш мақсади қўйилмаган, аксинча мақбуллаштириш натижасида янги ташкил этилган давлат бошқаруви органлари раҳбарлигига янгитдан тайинловлар амалга оширилди”.

Айни пайтда, маъмурий ислоҳот ҳукумат таркибини янгилашни англатмаса-да, амалда вазирларнинг қарийб учдан бир қисми янги ёки тайинланганига бир йил ҳам тўлмаганига эътибор қаратиш лозим, демоқда Адлия вазирлиги.

Хусусан, соғлиқни сақлаш вазири (А.Иноятов), мактабгача ва мактаб таълими вазири (Х.Умарова), инвестициялар, саноат ва савдо вазири (Л.Қудратов) янги тайинланди, шунингдек, адлия вазири (А.Тошқулов), Қишлоқ хўжалиги вазири (А.Воитов), энергетика вазири (Ж.Мирзамаҳмудов) ушбу лавозимларга тайинланганига ҳали бир йил ҳам тўлганича йўқ. Шундай экан, ҳукумат таркиби эскича қолди, дейиш масалага камида нопрофессионал ёндошув бўлганлигини кўрсатади”, – дейилади адлия баёнотида.


Ҳукумат қароридаги беқарорлик. Қўшимча таътил бекор қилинди, энди ўқувчи ва талабалар сарсон бўладими?


Қўшимча қилинишича, фармонда айрим функцияларни хусусий секторга ўтказиш орқали тегишли соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Натижада, тугатилган функцияни амалга оширувчи мавжуд лавозимлар қисқартирилади.

Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Бирданига ходимларни 30 фоизгача қисқартириш деган тушунча нотўғри. Шу билан бирга, мазкур оптималлаштириш барча давлат ташкилотларига бирдек тадбиқ қилинмайди. Уларнинг бажараётган вазифа ва функциялари таҳлил қилиниб, айрим давлат ташкилотларида 5-10 фоизгача, айримларида эса 30 фоизгача қисқариши мумкин.

Шунингдек, кадрлар соҳасида энди сон эмас, сифат алоҳида рол ўйнади. Бунинг ҳисобига айрим бир неча ҳудудлар учун ягона ҳудудлараро бўлимларни ташкил қилган ҳолда аҳолига профессионал кадрлар томонидан ҳизмат қилинишини таъминлаш мумкин
”.

Давлат органи вазирликларнинг ишлаш услуби “бутунлай ўзгариши”ни билдирган.

Эндиликда, вазирликларнинг йил давомида эришиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлари белгиланади. Ҳар бир вазир йил бошида ўзининг ўринбосарлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқади ва уни оммага эълон қилади.

Ҳаракатлар дастурига асосан вазирликларнинг ҳудудий бошқармалари мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича қўшимча равишда ҳудудий ривожланиш дастурини ишлаб чиқади ва улар ҳам уни оммага тақдим қилади. Вазирлар томонидан йил якунида ҳаракатлар ва ҳудудий ривожланиш дастурлари амалга оширилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати юзасидан очиқ ҳисобот берилади
”.

Қайд этилишича, давлат бошқарувида “қўл” бошқарувидан “ақлли” бошқарувга ўтиш кўзда тутилган. Ҳукумат аъзоси – ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда бош вазир билан тўғридан тўғри ишлаш тартиби жорий қилинмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органларнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинма тузилмаларини президент ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади.

Фармоннинг яна бир муҳим томони шундаки, республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳамда жамоатчилик олдида бевосита ҳисобдор бўлиши белгилаган”, – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, фармон билан илк бор вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекцияларнинг тушунчалари очиб берилган, натижада уларнинг вазифа ва функцияларини ҳамда жавобгарлик чегарасини аниқ кўриш мумкин.

Мазкур фармоннинг қабул қилиниши ортиқча бюрократик талабларни қисқаришига, вазирлик ва идораларнинг ўхшаш ёки бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилинишига, аҳолининг бир масала юзасидан турли идораларга мурожаат қилиш заруратини бартараф этилишига олиб келади.

Шундай қилиб, экспертлар ҳамжамияти, мутахассис ва олимларнинг маъмурий ислоҳотлар жараёнидаги қизиқишларини, кенг жамоатчиликнинг эътибори қаратилаётганлиги ва бу борада муҳокамалар олиб борилаётганлигини ижобий деб баҳолаймиз. Айни пайтда, ҳурматли ОАВ ва ижтимоий тармоқ вакилларини бу борадаги ислоҳотларни ёритишда фундаментал билимларга эга профессионал экспертларни, вазирлик ва идоралар масъулларини ҳам жалб этишга чақириб қоламиз. Бу масалада ҳамкорликка доим тайёрмиз
”, – дея маълум қилган Ўзбекистон Адлия вазирлиги.

Таъкидланишича, ҳозирда бошланган маъмурий ислоҳотлар тегишли фармон ва қарор билан чекланмайди – бу давомли жараёндир. Вазирлик бу тизимли ислоҳотлар давлатчилигимиз ривожининг муҳим босқичи эканини инобатга олиб, соғлом фикрлар, асосли таклифлар ва танқидларга доим очиқ эканини билдирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.