Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ташкил этилган «туризм кўчалари» орқали ҳаракатланадиган алоҳида жамоат транспорти тизимини жорий этиш бўйича қарор қабул қилди. Янги автобус қатновлари тунги вақтда йўлга чиқади ва пойтахт меҳмонлари ҳамда маҳаллий аҳоли учун қулайлик яратади.
Ҳужжатга кўра, автобуслар йўлкира ҳақи Тошкент шаҳридаги амалдаги жамоат транспорти тарифлари билан бир хил этиб белгиланган. Ушбу автобуслар кондиционер, Wi-Fi, видеокузатув тизими ҳамда имконияти чекланган шахслар учун махсус мосламалар билан жиҳозланади.
Қандай йўналишларда ҳаракат қилади?
Пойтахт Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълумотига кўра, автобуслар ҳар куни соат 22:00 дан 06:00 гача ҳаракат қилади. Йўналишлар қуйидаги нуқталарни қамраб олади:
аэропортлар;
темирйўл вокзаллари;
метро бекатлари;
туризм кўчалари;
савдо ва кўнгилочар марказлар;
йирик деҳқон бозорлари;
талабалар ётоқхоналари ва шифохоналар.
Жами 15 та йўналиш икки босқичда жорий этилади. Аввалги босқичда автобуслар ярим соат интервал билан ҳаракатланади.
Янги автобусларнинг ўзига хос белгиси
Тошкент шаҳар ҳокимлиги таклифига кўра, автобуслар алоҳида қизил рангга бўялади. Йўналиш рақамлари эса «Т1», «Т2» кўринишида, яъни «тунги автобус» сифатида белгиланади.
Молиявий жиҳат
Маълумотларга кўра, 15 та йўналишда жами 54 та автобус хизмат кўрсатади. Бу тизимдан олинадиган тушум ҳисобга олинмаса, маҳаллий бюджетга ўртача 33 миллиард сўм юклама тушиши айтилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур қарор Тошкент шаҳрида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, меҳмонлар учун қулай муҳит яратиш ва шаҳарнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.