Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, мамлакатнинг Озарбайжон билан муносабатларида айрим муаммолар бор, бироқ асосий стратегик йўналишлар ва ўзаро манфаатдорлик туфайли барчаси “ўз ўрнига тушади”.
Путин бу ҳақда Хитойга ташриф доирасидаги матбуот анжуманида гапирди. Унга кўра, у Пекинда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси билан қисқа мулоқот қилган.
“Ҳар доим турли саволлар туғилади, муаммолар ҳам йўқ эмас. Лекин Россия ва Озарбайжон ўртасидаги фундаментал муносабатлар, уларнинг ривожланишидан ўзаро манфаатдорлик барчасини ўрнига қўяди”, — деди Путин.
3 сентябр куни Пекиндаги параддан олдин Путин ва Алиев ШҲТ саммитида бирга қатнашди. Саммит доирасида улар бошқа етакчилар билан икки томонлама учрашувлар ўтказган бўлса-да, ўзаро расмий мулоқот қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда Россия ва Озарбайжон муносабатлари бир қатор воқеалар сабаб кескинлашганди. Аввало, AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт уриб туширилиши, сўнгра Екатеринбургда озарбайжон диаспораси вакиллари ўлими ортидан сиёсий ва жамоатчилик муносабатлари таранглашган эди.