СССР энг яқин иттифоқчиси Хитой билан нега жанг қилган эди?

Улашиш:

Агар СССР тарихига назар ташланса, бу давлат ташкил топганидан бошлаб қарийб парчаланиб кетганча доим қўшни давлатларга ҳудудий даъволар қилган. Турли йилларда қўшнилар ерининг бир қисмини босиб олган.

1939 йил августда Москвада Молотов Риббентроп пакти имзолангандан сўнг кўп ўтмай Германия ва СССР Шарқий Европадаги қатор давлатларни босиб олиб, уларнинг ҳудудини ўзаро тақсимлаб олишади.

Шу тариқа 1939-1940 йилларда СССР аввалига Полшанинг, сўнг Финландия, Чехословакия, Венгрия ва Руминиянинг бир қисм ҳудудини босиб олиб, ўз таркибига қўшади.

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Германия ўзи босиб олган барча ҳудудларни, шунингдек, ўзига тегишли бўлган Шарқий Пруссия ерларини йўқотади.

Бироқ советлар урушнинг асосий ғолиби сифатида Шарқий Европа давлатларидан босиб олган ҳудудларини қайтариб беришмайди. Аксинча, яна бир нечта давлатнинг ҳудудларини эгаллаб олишади, бошқа давлатларга ҳудудий даъволар билан чиқишади.

1939-1945 йиллар оралиғида СССР Шарқий Европада босиб олган ҳудудлари

Масалан, Япония таслим бўлганидан сўнг унга тегишли Курил оролларини босиб олишади. Хитойга ва корейсларга тегишли ҳудудларни эгаллашади.

Узоқ Шарқда ўз мақсадига эришган советлар энди Кавказда 1940-йиллар охири, 1950-йиллар бошларида Туркиядан ер даъво қилишга ўтишади. Натижада Туркия НАТОга аъзо бўлади ва шу тариқа советларнинг даъволаридан қутулади.

Бу орада 1960-йилларда Хитой бироз оёққа туриб олгандан сўнг ўз ҳудудларини талаб қила бошлайди. Бироқ ўша пайтларда СССР Хитойдан бир неча баробар қудратли, ҳарбий салоҳияти устун эди.

Шу сабабли ҳар икки давлат ўртасида қисқа вақтда бўлиб ўтган бир нечта қуролли тўқнашувда советлар ғалаба қозонади. Бироқ Хитой ер даъвосидан кечиб кетмайди ва ўша ерларнинг бир қисмини 21-асрда қайтариб олишга муваффақ бўлди.

Хитойнинг маъмурий харитаси

СССР ва Хитой орасидаги муносабатларнинг совиши

Агар Хитой тарихига қаралса, коммунистлар Чин ўлкасида ҳокимиятни советлар ёрдамида қўлга киритганини кўриш мумкин.

Иккинчи жаҳон уруши охирроқларида Япония армияси Хитойдан қувиб чиқарилгач мамлакатнинг хорижга чиқиб кетган раҳбари Чан Кайши қайтиб келади.

Иккинчи томондан Хитойда коммунистик тузум ўрнатмоқчи бўлган кучлар Мао Цзэдун бошчилигида ҳаракат бошлашади. Охир-оқибат бир неча йил давом этган фуқаролар урушидан сўнг СССР қўллаган Мао Цзэдун Хитойда ҳокимиятни қўлга олади. Чан Кайши бошчилигидаги Хитой республикаси ҳукумати ва тарафдорлари Тайван оролига қочиб ўтади.

Ўша пайтларда Хитой раҳбари Мао Цзэдун ва СССР раҳбари Иосиф Сталин дўстона муносабатда эди. Шу сабабли урушдан сўнг СССР Хитойнинг ривожланиши учун бу мамлакатга турли мутахассисларни юборади. Иқтисодий ва молиявий ёрдам берилади.

Бироқ 1953 йил 5 мартда Сталин вафот этгач вазият ўзгаради. “Доҳий”дан сўнг СССРни бошқарган Никита Хрушчёв НКВД раҳбари Берияни айтмаганда Сталинга содиқ бўлган шахслар билан бироз эҳтиёткор муносабатда бўлади.

Бундан ташқари гарчи Сталин даврида қатағон қилинганларни оқлаш ишлари жадаллик билан олиб борилса-да “доҳий”нинг шаънига ёмон сўз гапирмайди.

Бироқ 1956 йилда Никита Хрушчев партиянинг ХХ съездида “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари” ҳақидаги маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. “Халқлар доҳийси” деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини “қонхўр ва золим эди” деб атайди.

Мао Цзэдун ва Сталин

Гарчи Хрушчевнинг маърузаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса ҳам унинг матни нафақат СССР, бутун дунёга тарқалади. Шундан сўнг социалистик лагерга кирувчи айрим давлатлар раҳбарлари СССРдан узоқлаша бошлашади.

Сталин қораланганидан хафа бўлганлардан бири Албания раҳбари Анвар Хўжа бўлса, яна бири Хитой раҳбари Мао Цзэдун эди. Шундан сўнг СССР ва Хитой муносабатлари совий бошлайди.

Оқибатда ҳар икки давлат ўртасидаги ҳудудий можаролар яна қўзғайди ва бир неча марта қуролли тўқнашувлар, жанглар бўлиб ўтади. 1969 йилда Уссури дарёсидаги Даман ороли учун бўлиб ўтган қуролли можаро ана шулардан бири эди.

Даман ороли учун даъволар

Даман ороли Уссури дарёсининг ўртасида жойлашган бўлиб, Хитой ва Россия ўртасида орол учун баҳслар 19-асрда бошланган. Руслар Узоқ Шарқни ўз назоратига олар экан, Хитой билан чегара масаласи анча баҳсли эди.

Оролга руслар муҳандис Станислав Даманский номини берган. Хитой томони эса уни Чжэнбао – Қимматбаҳо деб атарди.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг, 1919 йилда Парижда тинчлик конференцияси ўтказилади ва шунда жуда кўп давлатлар ўзаро чегарани дарёлар бўйлаб ўтказишга рози бўлишади.

Шундан сўнг Хитой ва Россия (кейинчалик СССР) ўртасидаги чегара ҳам шимолда Амур, шарқда Уссури дарёлари бўйлаб ўтказилади. Бироқ ўша пайтда бу дарёлар ўртасида қолиб кетган бир қанча ороллар баҳсли бўлиб қолади.

1930-йилларда Хитойни Япония эгаллайди ва баҳсли ороллар масаласи аҳамиятини йўқотади. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар советлар ёрдами билан Жан Кайши бошчилигидаги Хитой республикасини йиқитишади. Сўнг унинг ўрнига Хитой халқ республикаси тузилади.

Уссури дарёсида жойлашган Даман ороли

Ўша пайтларда Мао Цзэдун Сталин билан дўстона алоқада бўлган ва шу сабабли ҳам Амур ва Уссури дарёларидаги ороллар масаласи кўтарилмаган. Яъни ўша оролларга Хитой даъвогарлигини сақлаб туради, бироқ кун тартибига чиқармайди.

Сталин вафотидан сўнг уч йил ўтиб, 1956 йилда Никита Хрушчёв уни ёмонлаб чиқади. Бу Мао Цзэдунга ёқмайди ва Хитой ҳамда СССР ўртасидаги алоқалар совуқлаша бошлайди.

Ана шу пайтда Хитой Амур ва Уссури дарёларидаги баҳсли ороллар бўйича яна эски даъволарни қўзғай бошлайди. Бу ороллар орасида энг аҳамиятлиси Уссури дарёси ўртасида жойлашган Даман ороли эди.

1964 йилда Хрушчёв тахтдан ағдарилади ва унинг ўрнига Брежнев СССР раҳбари бўлади. Бироқ Хитой билан муносабатлар илиқлашмайди ва эски ҳолича қолади. Хитой эса Даман ороли бўйича тобора қатъийроқ талабларни қўя бошлайди.

Қуролли можаронинг бошланиши

1969 йил 1 март куни тунда 300 нафар хитойлик ҳарбийлар музлаган Уссури дарёси устидан ўтиб, Даман ороли ҳудудига киришади. Улар совет чегарачилари сезиб қолмаслиги учун қорда оппоқ кийинишган, қуроллар ва бошқа барча нарсаларини овоз чиқармаслиги учун махсус матолар билан ўраб олишганди.

Хитойликлар оролда мудофаа нуқтаси ташкил этади. Сўнг 30 нафар аскарни разведка маълумотлари олиш учун оролнинг янада ичкарироғига йўллашади. Уларни сезиб қолган совет чегарачилари бу ҳақда ўз бошлиқларига маълумот беради.

Шундан сўнг хитойликларни қувиб чиқариш учун кам сонли совет ҳарбийлари йўлланади. Улар бориб хитойликларга дарҳол совет ҳудудини бўшатиб чиқишни талаб қилишади.

Даман оролини эгаллаш учун борган хитойлик ҳарбийлар

Бунга жавобан хитойликлар ўт очишади ва ўнга яқин совет ҳарбийлари ҳалок бўлади. Бу орада жангга хитой ҳарбийларининг қолган қисми ҳам қўшилади. Советларга эса қўшимча куч жўнатилади. Шу тариқа қақшатқич жанглар бошланиб кетади.

Уруш икки кун давом этади ва унда 2 500 хитой ҳарбийси, 500 га яқин совет ҳарбийлари иштирок этади. Хитойлик ҳарбийларда зирҳли техникалар йўқ эди. Советлар эса паром билан танклар ва БТРларни оролга олиб ўтиб, улар ёрдамида хитойликлар позицияларига зарба беришади.

Шундан сўнг хитойликлар жуда катта йўқотишларга учраб ортга чекинишади. Ўшанда хитойликлардан мингга яқин ҳарбий ҳалок бўлади. Советлар 100 га яқин ҳарбийларидан айрилишади.

Хитой ҳарбийлари чекингандан сўнг 3 март куни Пекиндаги совет элчихонаси олдида хитойликларнинг йирик намойиши бўлиб ўтади. Ўша пайтда Хитой компартияси тасарруфидаги газеталарда СССР қораланган мақолалар чоп этилади.

Советлар Дамандан хитойликларни қувиб чиқариш учун зирҳли техникалар ва "Катюша"лардан фойдаланишади

“Йўқолсин янги шоҳ” номи остида чоп этилган мақолада совет қўшинлари Усулицзян (улар Уссурини шундай аташади) дарёсидаги Хитойга тегишли бўлган Чжэнбаодао (Даманнинг хитойча номи) оролига ҳужум қилиб, кўплаб Хитой ҳарбийларини ўлдиришгани ёзилганди.

4 март куни “Правда” газетасида “Шарманда бўлган бузғунчилар” номи билан мақола эълон қилинади. Унда Уссури дарёсида жойлашган Даман оролида совет чегарасини бузиб кирган хитой ҳарбийлари тор-мор этилгани ҳақида хабар берилганди.

Советлар 8 март куни Хитойнинг Москвадаги элчихонаси олдида намойиш уюштиришади. Унда қатнашганлар “Шарманда Мао”, “Йўқолсин шовинист Хитой раҳбарлари” каби плакатларни кўтариб олишганди.

СССРдаги Хитойга қарши намойишлардан бири

Биринчи тўқнашув содир бўлганидан икки ҳафта ўтиб, хитойликлар яна оролга ҳужум бошлайди. Икки кун давом этган қақшатқич жанглардан сўнг Хитой ҳарбийлари жуда катта йўқотишлар билан яна ортга чекинади. Кейин бошқа ҳужум қилишга ботина олишмайди.

Ўшанда қуруқликда зирҳли техникалар билан жанг қилаётган совет ҳарбийларини ҳаводан ҳарбий авиация ҳам қўллаб туради. Ҳарбий самолётлар хитойликлар позицияларига ракета зарбалари ҳам беради.

Ҳозир Россия тарихида ўшанда Даман оролига хитой ҳарбийлари бостириб киргани айтилса, Хитойда ўқитилаётган тарихда аксинча, Хитойга тегишли оролга совет ҳарбийлари бостириб келгани айтилади.

Йўқотишлар, музокаралар ва келишув

Икки ҳафта давом этган жангларда Хитой томони 1000 га яқин ҳарбийлар айрилган. Яна кўплаб жангчилар яраланган. Советлар эса қарийб 100 ҳарбийни йўқотган ва яна шунчаси ярадор бўлган.

Бироқ ҳар икки томон ҳам ўша пайтда ўзининг йўқотишларини камайтириб кўрсатган. Кейинчалик ҳодиса гувоҳлари ҳар икки томондан йўқотишлар ва ярадор бўлганлар ҳисоботларда кўрсатилганидан бир неча баробар кўп бўлганини айтишган.

Советлар 1969 йил ёзда Даманни зирҳли техникалар билан ҳимоя қилишга мажбур бўлишади

Март ойида асосий жанглар бўлиб ўтгандан сўнг ёз давомида икки томон советлар оролдан туриб, хитойликлар дарёнинг бу соҳилидан бир бирига қарши ўт очиб туради.

Бу пайтда СССРда Даман учун жангда қатнашган ҳарбийларнинг бир гуруҳига тантанали равишда давлатнинг юксак орден ва медаллари топширилади.

1969 йил 10 сентябр куни Хитой томони ўз ҳарбийларига ўт очишни тўхтатиш бўйича буйруқ беради. Бунга сабаб бор эди. Гап шундаки, ўша кунларда Ветнамда Хо Ши Мин вафот этади ва СССР министрлар совети раиси Алексей Косигин унинг дафн маросимига борганди.

Косигин орқага қайтишда Пекинда тўхтаб, Хитой раҳбарлари билан музокаралар ўтказиши керак эди. Шу сабабли Хитой томони ўт очишни тўхтатиб туришга қарор қилади.

Косигин Пекинда Хитой министрлар советининг раиси Чжоу Энлай билан учрашади. Шу ерда икки томон ўт очишни ҳам, ўзаро душманликни ҳам тўхтатиш бўйича битим имзолашади.

Косигин Пекинда, 1969 йил

Шундан сўнг хитойликлар Даман оролига яна қайтишади ва де-факто оролнинг бир қисмини назорат қила бошлашади.

Кейинчалик, ўшанда Косигин Пекинга боришидан аввал Москвада “ҳаддидан ошган” Хитойга ядровий ҳужум қилиш масаласи ҳам муҳокама қилингани ойдинлашади. Охирида советлар бу режадан воз кечишган ва Хитой билан музокара ўтказишга келишишган.

Қуролли можаро тўхтатилгандан сўнг Москва ва Пекин ўртасида Даман ва Амур дарёсида жойлашган бошқа ороллар масаласида бир неча марта музокаралар ўтказилади.

Охир-оқибат 1991 йилда СССР тарқаб кетишидан бироз аввал, 1991 йилда Москвада Даман оролини Хитойга бериш тўғрисидаги келишув имзоланади.

Бироқ иттифоқ парчаланиб кетгандан сўнг Россия томони СССР раҳбарлари имзолаган келишувни тан олмайди ва Даман яна баҳсли ҳудудга айланади. Кейинчалик орол барибир Хитойга берилади.

Хитойга бериб юборилган ороллар

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Хитой Россиядан нафақат Даман оролини, балки Узоқ Шарқда жойлашган яна бир қанча ороллари олди. Уларнинг барчаси Путин бошқаруви даврида берилди.

Жумладан, 2004 йил Путин Хитойга амалга оширган давлат ташрифи давомида Хабаровск ўлкасида жойлашган Катта Уссурийск ороли ярмини ва Тарабаров оролини Хитойга бериш ҳақидаги ҳужжатларни ҳам имзолайди.

2008 йилда Катта Уссурийск ороли ярми ва Тарабаров ороли узил-кесил Хитой бошқарувига топширилади. Ўша пайтда келишувда Катта Уссурийск оролида визасиз режим ўрнатилиши, бу ерда яшовчи россияликлар ва хитойликлар орол бўйлаб эркин ҳаракатланиши ҳақидаги банд бор эди.

Бироқ Россия ОАВлари 2023 йилдан бошлаб Хитой томони оролнинг ярмида яшовчи россияликларни ўз томонига визасиз ўтказишни тўхтатгани ҳақида ёзиб чиқишди.

Сўнгги йилларда Хитойда чоп этилаётган янги хариталарда Катта Уссурийск ороли тўлиқ Хитой ҳудуди сифатида кўрсатилмоқда. Бу келажакда Хитой оролнинг Россияликлар эгалигида қолган қисмига ҳам даъво қилишини англатади.

Россия СССР парчаланиб кетгандан сўнг Амур дарёсидаги Тарабаров ороли ва Катта Уссурийск оролининг ярмини Хитойга бериб юборди

2014 йилда Хитой томони Россияни Даманни ҳам ўзига беришга кўндиради. Шундан сўнг орол узил-кесил Хитой бошқарувига топширилади.

Даман Хитойга топширилган пайтда оролда бир қанча россияликларнинг уйлари бор эди ва у ерда анча одам яшарди. 2014 йилда орол Хитойга ўтгач россияликлар Дамандан кўчириб кетилади.

Россия ОАВларида ёзилишича, Путин бошқаруви даврида умумий ҳисобда Россия Узоқ Шарқда, Амур ва Уссурийск дарёларида жойлашган турли катталикдаги 600 дан ошиқ оролларни Хитойга топширган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Манба: Kun.uz

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.