Жиззахда аҳолининг 30 фоизга яқини булоқ ва скважиналардан сув истеъмол қилиб келган

Улашиш:

 Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг телеграм канали иш бошлаганига кўп бўлмади. Бугун ушбу каналда қизиқ бир маълумот эътиборимни тортди. Унда бугун вилоятимиз аҳолисининг қанча қисми тоза ичимлик суви билан таъминланганлигига тўхталиб ўтилган.

Хабарда айтилишича, вилоятда 1 млн. 507 минг аҳоли истиқомат қилади. Айни вақтда уларнинг 1 млн. 61 минг нафари марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 

2024-йилнинг биринчи ярим йиллигидақўшимча  30 минг аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилишига эришилган. 

Муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келувчи аҳоли 446 мингни (29,6 %) ташкил қилиб (булоқ-137 минг, скважина, қудуқ, качалка-166 минг, махсус техникалар билан ташиб келтириш-143 минг), 21 мингтага камайтиришга эришилди.

Вилоятда 318,0 минг аҳоли (21 %) оқова сув билан таъминланган. 2024-йилги режага асосан 16,8 мингта истеъмолчини қамраб олиш белгиланган бўлиб, ушбу кўрсаткич 1-июль ҳолатига 8,5 мингтага бажарилди.

Биринчи ярим йилликда Инвестиция дастури доирасида 55,5 млрд. сўмлик (йиллик режага нисбатан 56 %) 25,8 км тармоқ ҳамда 6 та сув иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Ҳозирги кунга қадар вилоят аҳолисининг 25,7 минг нафари қўшимча ичимлик суви билан таъминланди (улар  муқобил манбалардан фойдаланган, яъни  булоқ, скважина, қудуқ, качалка, махсус техникалар билан ташиб келтирилган)  ҳамда 73,5 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

Жами 15,5 мингта ҳисоблагичлар ўрнатилиши таъминланиб, йиллик режа 299 %га бажарилди. Натижада, вилоят бўйича сув ҳисоблагичлар билан таъминланган истеъмолчилар 77,5 % га етказилди.

2024-йил якунига қадар бюджетдан ажратиладиган 98,8 млрд. сўм маблағлар ҳисобига яна 26,1 км тармоқ ҳамда 11 та сув иншооти реконструкция қилинади.

Шунингдек 56 та эски насослар энергия тежамкор насосларга алмаштириб, 36,1 км тармоқлар ва 97 та насос ускуналари мукаммал таъмирланади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.