2021 йилнинг 20 декабрь куни Халқ депуталари вилоят кенгаши сессиясида Жиззах вилояти хокими Эргаш Салиевнинг жорий йилда вилоятда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Мазкур ҳисоботдан олдин жорий йилнинг 18 декабрь куни республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар вилоятда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг амалдаги исботи сифатида Жиззах шаҳри ва Ш.Рашидов туманларидаги ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш обектлари қурилиши билан танишдилар.
Дастлаб, през тур иштирокчилари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятига яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашининг 2020 йил 11 декабрдаги Қарори асосида тасдиқланган низом талабларига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида 1 нафар котибият мудири, 4 нафар бош мутах ассислар тасдиқлаб олинди.
Шу билан бирга Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти давлат рўйхатидан ўтказилиб, муҳр ва штамплар олинди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятига самарали фаолияти учун 3 та хона ажратилиб, замонавий компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминланди ва зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши котибияти томонидан оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ўтказиб борилаётган йиғилишлар, тадбирлар, семинарлар мунтазам равишда ёритиб борилмоқда. Шу билан бирга Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятининг алоҳида телеграм канали ҳам мавжуд бўлиб, кенгаш котибияти фаолияти ёритиб борилмоқда.
Бундан ташқари Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланиб, жорий йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг ижроси, ҳокимлар, унинг ўринбосарлари, тегишли бошқарма ташкилотларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш режалаштирилди ва мунтазам ҳисоботлар иш режасига асосан эшитилиб борилмоқда.
Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти томонидан иш режаларида белгиланган тадбирлар, сессия муҳокамасига киритилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида барча доимий комиссияларнинг йиғилишлари ўтказиб борилмоқда.Шу билан бирга мазкур доимий комиссия йиғилишларида тегишли доимий комиссия раислари ҳам иштирок этиб келмоқда. Жорий йилнинг январ-ноябрьойлари давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг13 та сессияси ўтказилиб, 220 та масалалар муҳокама қилинди.Оммавий ахборот воситаларида барча сессиялар ёритилди.
Жиззах шаҳридаги “Мономарказ”
Жиззах шаҳридаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида бунёд этилган “Мономаркази” ташкил этилди. Қуввати бир вақтнинг ўзида 490 ўринли бўлган Жиззах шаҳридаги “Ишга мархамат” мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилиб, мономарказ фаолият юритаётган бинони таъмирлаш ва жиҳозлашда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 14 миллиард 400 миллион сўм ва Жаҳон банкининг 1 миллиард 145 миллион сўмдан ортиқ маблағлари жалб этилди.
Марказ қайта реконструкция қилиниб, “WORLD SKILLS” талаблари асосида тўлалигича қайта жиҳозлаш ишлари ҳам якунига етказилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида 5 та хизмат тури, 22 турдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда. Мономарказда “Ёшлар дафтари”га киритилган бандлиги вақтинча таъминланмаган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.
Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш курсида эса компьютер саводхонлиги, дастурчи 1С бухгалтерия мутахассисликлари ўргатилади.
Айни пайтда мономарказда 24 та касб-ҳунар ва 3 турдаги тил ўқув курсларида 317 нафар банд бўлмаган ёшлар ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилмоқда.
Жиззах шаҳридаги “Sambhram” технология университети
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги “Жиззах шаҳрида “Sambhram” университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 401- сонли қарорига асосан Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университети ташкил қилинди.
“Sambhram” университети (Ҳиндистон) нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Университетда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Университетда 2021-2022 ўқув йилида 2000 га яқин талаба қабул қилинган бўлиб, таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиш ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахасссисликлари бўйича хужжатлар қабул қилинди. Булар: Бакалавриат 1.Ахборот технологиялари муҳандис-дастурчиси (B.Tech.IT)-700 нафар, Ахборот технологиялари фанлари (B.Sci.IT)-500 нафар, Бизнес бошқаруви (ВВА.IT)-700 нафар.
Магистратура : Ахборот технологиялари фанлари (М.Sc.IT)-50 нафар, Бизнес бошқаруви (МВА.IT)-50 нафар. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Университет учун ажратилган Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган собиқ Олий ҳарбий авиация билим юрти бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи этиб белгиланган.
Бугунги кунда университетда 200 ўринли ошхона биноси ҳамда 500 ўринли ётоқхоналарнинг таъмирланиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Университетнинг фаолият кўрсатиши учун жорий йилнинг 16 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси томонидан Нодавлат таълим хизматлари соҳасида фаолиятни амалга оширириши учун № 0039 сонли лицензия олинди.
Ҳозирги кунда 1500 нафардан ортиқ талабалар дарс машғулотларида иштирок этмоқда. Дарс жараёнлари 2 сменада ташкил этилган. Университет фаолиятига Ҳиндистондан 16 нафар профессор-ўқитувчилар ва Ўзбекистондан 30 нафар профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Умумий илмий салоҳият 30% ни ташкил этади.
Жиззах шаҳридаги “Президент мактаби”
2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори халқ таълими тизимидаги янгиланишлар кўламини кенгайтириб юборди. Мазкур Қарорга асосан республикамизда ташкил этилган илк Президент мактаблари кўплаб иқтидорли ёшларга ўз қучоғини очди. Шу қаторда Жиззах шаҳрида 144 нафар иқтидорли ўқувчиларни ўз бағрига олган, барча шарт-шароитларга эга замонавий Президент мактаби ҳам расман ўз фаолиятини бошлади.
Президент мактабининг 144 нафар ўқувчиси вилоятимиз мактабларидаги 260 минг нафарга яқин ўғил-қизларимиз орасидан энг сараси, билимдони, иқтидорлиси сифатида бу ер таълим-тарбия олишади. Қисқа фурсат ичида 70,7 млрд.сўм бюджет маблағлари эвазига бунёд этилган мазкур муассасада ўқувчилар учун 120 ўринли ошхонада барча шароитлар яратилган. 50 ўринли мактаб кутубхонасида 9500 дан зиёд энг сара китоб ва қўлланмалардан иборат фонд мавжуд.
Мактабдаги ўқув-тарбия жараёнлари халқаро Кембридж Эссессмент Интернейшнл Эдикейшн (Cambridge Assessment International Education) таълим системаси ва маҳаллий таълим тизимимиз интеграциялашган ҳолда ташкил этилган.
Бундан ташқари, ўқувчиларнинг иқтидори, аниқ фанлар ва технологияларга қизиқиши, яратувчанлик салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўғараклари, физика, кимё, биология каби табииий фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари ташкил этилган.
Мактабда Филлипиндан 3 нафар, Ҳиндистондан 2 нафар, Хорватия, Покистон,Буюк Британия ва Шотландиядан 1 нафардан жами 9 нафар хорижлик малакали ўқитувчи ёшларга таълим беришади.
Жиззах шаҳри “Олмазор” маҳалласидаги 16 қаватли уйлар қурилиши
Айтиб ўтиш жоизки, Жиззах шаҳрида 2017-2020 йиллар давомида хусусий сектор иштирокида жами 858 та хонадонли 15 та 4 ва 7 қаватли уй-жойларни қуриш ишлари амалга оширилган.
Мана шу йилда қурилаётган 1120 та хонадонли 32 та кўп қаватли уй-жойларнинг катта қисми ҳам хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Бунда 860 та хонадонлар эгалари учун субсидия ажратиш орқали оилаларнинг уй-жой муаммосини ҳал этишга кўмаклашиш – бу энди одамларнинг йиллар давомида елкасидан босиб келган оғир юкидан халос этиш дегани. Жиззах шаҳрининг “Олмазор” маҳалласи кейинги уч йилда жуда гавжумлашиб кетди. Боиси, бу ерда кўп вақатли уйлар сони йил саний ортмоқда. Аввалбошда 15 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилган бўлса, эндиликда ҳар бири 80 та хонадонли 6 та 16 қаватли ва 4 та 9 қаватли уйлар қурилиши босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
16 қаватли уйлар қурилиши, тан олиш керак, Жиззах вилояти ҳаёти учун илгари кузатилмаган ҳолат. Бунгача энг баланд турар жой 9 қаватли бўлган. 16 қаватли уйлар нима учун зарур деган савол юзага чиққанда ҳам бунга бирдан бир тўғри жавоб урбанизация жараёнида марказ шаҳарлар аҳолиси сонининг кўпайиши, турган гапки, турар жой қурилишига мўлжалланган ер учун эҳтиёжнинг ошиши билан изоҳланса ўринли бўлади.
Сифат масаласи эса, ҳар доим ҳам биринчи ўринда туради. Ҳар бир қаватда 5 та хонадон мавжуд, уларнинг 4 таси 3 хонали, 1 таси 1 хонали. Ҳар бир хонадон учун 2 та очиқ ҳавоза, балкон қурилган. Табиий газ таъминоти ердан то 9-қаватгача кўтарилган. Ундан тепа қаватлар учун эса таъминот тармоғи тепадан тушиб келади. Бу турмуш эҳтиёжи юқори бўлган мазкур коммунал хизмат – табиий газ таъминоти бир меъёрда тақсимот қилинишини кўрсатади. Иккита лифт хизмат кўрсатадиган 16 қаватли осмонўпар бинонинг қобирғаларини 14 метр чуқурликкача етиб борган мустаҳкам қозиқлар ушлаб туради. Деворлар эса металл каркасларга қуйилган мустаҳкам бетон қоришмадан иборат. Хонадонларда иссиқлик бир меъёрда, ёзу қишда бир хил мўътадил об ҳаво сақланиб турилишини таъминлаш мақсадида, ташқи деворларга базальт толасидан тўқилган қурилиш матоси қопланган.
Жиззах шаҳридаги "Велотрек" BMX майдони
Жиззах шаҳрида жойлашган Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган спортнинг велотурига ихтисослашган BMX майдони "Сангзоркўл"нинг 4 гектарли жойни ўз ичига олади.
Умумий қиймати 500 минг АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуа 2021 йилда фойдаланишга топширилди. Лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 3,2 гектар майдонда 2500 томошабинга мўлжалланган "Велотрек" мажмуаси велоспортнинг 4 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжаллаб бунёд этилган.
Мажмуа Сочи шаҳридаги "Велотрек" мажмуаси лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, қурилиш Украина, Бельгия ва Франциядан келган мутахассислар кўмаги билан амалга оширилган. Жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган спорт мажмуасида "Велотрек"нинг ВМХ йўналиши бўйича нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақалар ўтказиш имконияти пайдо бўлди.
Шароф Рашидов туманидаги "Голд Фиш агро" балиқчилик кластери
Жиззах вилоятида 220 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда йил якуни билан жами 23 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.
Бу йил уларнинг сафига "Голд Фиш агро" масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшилди. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган.
Кластер майдони 43 гектар бўлиб, шундан 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланмоқда.
Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати