Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида икки қирғизистонлик отиб ўлдирилди: расмий изоҳ

Улашиш:

Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида 15 август куни содир бўлган тўқнашув натижасида икки қирғизистонлик ҳалок бўлди. Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари бугун, 4 сентябрь куни маълум қилишича, уларга нисбатан қурол қўллаш қонуний ва асосли деб топилган.

Ҳодиса қандай содир бўлди?

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Угам–Чотқол қўриқхонаси яқинида чегара наряди икки номаълум шахсни пайқаган. Ҳарбийлар уларга тўхташни буюрган, аммо улар қочишга уринган. Аввал осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узилган, аммо талаб бажарилмагани учун сўнгги чора сифатида тўғридан-тўғри қурол қўлланган.

Натижада икки шахс яраланиб, тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса жойидан чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ва яна бир шахснинг излари топилган. У учинчи шахснинг Қирғизистон томонга қайтиб кетишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Қирғизистон фуқаролиги аниқланди

31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани маълум бўлиб, уларнинг жасадлари қариндошларига топширилган. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарлари 2–3 сентябрь кунлари ҳодиса жойини ҳамкорликда кўздан кечирди.

Расмий хулоса

Комиссия текширувига кўра, чегарачиларнинг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилиги доирасида бўлган. Шунингдек, ҳалок бўлганлар давлат чегарасини бузгани ва учинчи шахс яширинишга улгургани тасдиқланган. Унинг шахсини аниқлаш ва чора кўриш бўйича икки давлат ўзаро келишувга келган.

Халқаро амалиёт мисоли

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон чегара ҳудудида ҳам афғон наркодилерларига қарши операцияда отишма содир бўлиб, икки қоидабузар ўлдирилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.