Учта фарқ: Google компанияси Chrome ёрлиғини ўзгартирмоқда

Улашиш:

Google Chrome браузерининг янги дастлабки релизида (Canary янгиланишлар канали) иловалар ёрлиғи ўзгарди. Ёрлиқ сўнгги маротаба 2014 йилда янгиланганди.

Дунёдаги энг оммалашган браузердаги ўзгаришларни Google дизайнчиси Элвин Ху шарҳлади.

Юзаки кўз югуртирганда янги фарқларни ажратиб олиш қийин. Бироқ улар камида учта: биринчидан, яшил, қизил ва сариқ элементлар чегараларидаги ёрлиққа «салобат» бериб турган соялардан воз кечилди. Энди ёрлиқ теп-текис.

Иккинчидан, ёрлиқ марказидаги кўк доира катталаштирилди: бу элементларга мутаносиблик бағишлаб, ёрлиқда мувозанатни яхшилади.

Учинчидан, ранглар янада ёрқинлашди. Дизайнчи бу билан Google бренди янада замонавий ифодаланганига урғу берди.

Яна бир, рангларнинг рақамли ҳисоб-китобларисиз оддий кўзда сезиб бўлмайдиган жиҳат бор. Дизайнчилар ёрқин қизил ва яшил ёнма-ён турганда «ёқимсиз ранг тебранишлари» эффектини ҳосил қилишини кузатишди. Бунга барҳам бериш учун қизил ва яшил рангнинг турли қисмлари озроқ таҳрир қилинди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.