Фото: ixbt.com
Google компанияси YouTube плейерининг барча қурилмалар учун дизайни ўзгартирилаётганини эълон қилди. Бу ҳақда YouTube блогида маълум қилинган.
YouTube’даги видеороликларни айлантиришда хронометраж тасмасида аниқ превью кадри кўриниб туради. Бу эса фойдаланувчиларга видеодаги кадрлар бўйича керакли лаҳзаларни осонгина топиб олиш имконини беради.
Фойдаланувчилар шунингдек, худди фотогалереялардаги суратларни катталаштириб кўргандек, тасвирни бармоқлари билан кенгайтириш имконига ҳам эга бўлишади. Ушбу функция pinch-to-zoom деб номланди. Аввалроқ Google ушбу опцияни YouTube Premium обуначилари орасида синаб кўрган.
Шунингдек, YouTube’да «рангни динамик танлаш» деб аталувчи функция ҳам пайдо бўлмоқда. Бу функция шарофати билан интерфейснинг ранг гаммаси видеодаги устунлик қилаётган рангга қараб тусини ўзгартиради. Иловалар ва веб версиядаги қора мавзулар янада қоронғулашади: агар кулранг туслардан фойдаланилган бўлса, энди уларнинг барчаси бирдек қора тусда бўлади.
Google компанияси бу янгиликни 24 октябрдан бошлаб жорий қила бошлашини эълон қилди. Секин-аста улар барча фойдаланувчилар учун имконли бўлади.
Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал YouTube видеотасвирлар остидаги дизлайк ҳисоблагични беркита бошлаганини эълон қилган эди.
YouTube янги дизайн ва функциялар билан ўзгартирилмоқда
Улашиш: