Солиқ хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон саноат соҳасида 425 нафар расмий ишлаётган ходимлар сентябрь ойида 100 миллион сўмдан ортиқ маош олган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида саноат соҳасида 772,4 минг киши расман иш билан таъминланган.
Соҳа ходимларининг иш ҳақи кенг диапазонда таҳлил қилиниши мумкин: етти мингга яқин ходимга сентябрь ойида 262 500 сўмгача иш ҳақи ҳисобланган (сентябрда 1 050 000 сўмни ташкил этган энг кам иш ҳақининг 25 фоизидан камроғи). Шу билан бирга, 425 кишининг ҳар бири 100 миллион сўмдан ортиқ маош олган.
Бунда саноат соҳасидаги бир ходимнинг ўртача иш ҳақи 5 миллион сўмни ташкил этади.
3 миллиондан 10 миллион сўмгача бўлган иш ҳақига келсак, сентябрь ойида бундай иш ҳақи 336 минг ходимга, 3 миллион сўмгача бўлган иш ҳақи эса 287,8 минг кишига тўғри келади.
Агар саноатчиларнинг иш ҳақи минтақалар бўйича кўриб чиқилса, республикада энг юқори даромад Навоий вилоятида қайд этилиб, ўртача 8,9 миллион сўмни ташкил этади.
Ундан кейин – мос равишда 5,8 ва 5,1 миллион сўм билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, 4,6 миллион сўм билан Андижон вилояти ва 4,5 миллион сўм билан Қорақалпоғистон туради.
Мамлакат бўйича энг кам иш ҳақи оладиган санотчилар Хоразм вилоятида (2,5 миллион сўм) ва Наманган вилоятида ( 2,3 миллион сўм) қайд қилинган.
Эслатиб ўтамизки, октябр ойида Статистика агентлиги Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қандай ошганини ҳисоблаб чиққан.