Тўланмаган айрим солиқлар ва жарималардан воз кечилади. Кимга қандай имтиёз?

Улашиш:

Мол-мулк ва ер солиғини вақтида тўламаган 4,4 млн фуқаронинг пеня тўловларидан кечиб юборилди. Ҳужжатсиз ер участкалари учун 3 карра оширилган солиқ тўхтатиб турилади. Айрим ЯТТларнинг солиқлари ва жарималаридан воз кечилади. Фермерлар ва иссиқхоначи тадбиркорларга ҳам енгилликлар бор. ДСҚ матбуот котиби Kun.uz’га кимларга қандай енгилликлар берилаётгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Президент қарори билан жисмоний шахслар ва тадбиркорларга вақтинча солиқлардан енгилликлар бериляпти. Ўзгаришларни Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Дилдора Ҳошимова тушунтириб берди.




—Жисмоний шахсларнинг вақтида тўланмаган ер ва мол-мулк солиқлари пенялари ҳисобдан чиқариляпти. Ўзи ҳисобдан чиқариш нима дегани? Фуқароларга қандай енгилликлар беради?

— Жисмоний шахсларнинг эгалигида ер участкаси бўлса, улар ер ва мол-мулк солиғи тўловчиси, кўп қаватли уйда турувчилар эса фақат мол-мулк солиғи тўловчиси ҳисобланади. Бу солиқлар йиллик ҳисоблаб чиқарилади. Ўзи Солиқ кодексида солиқлар тенг иккига бўлиб, 15 апрел ва 15 октябрда тўланиши белгилаб қўйилган. Пеня — кечиктирилган кун учун жарима. Бу фақат ер ва мол-мулк солиғи учун эмас, балки барча турдаги солиқ турлари ва жарималар бўйича, яъни улар муддатида тўланмаган бўлса кейинги кунидан бошлаб ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня тўланади.

Қарор қандай енгиллик беради? Солиқ тўловчилар белгиланган муддатда солиқларни тўламай, кечиктириб тўлаган бўлса, уларга пеня ёзилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан ҳозирда 4 млн 400 га яқин фуқароларимизда 553 млрд сўмлик пеня ҳисобланган. Бунда мана шу пенялар ҳисобдан чиқарилади. Эътибор бериш керак, солиқлар эмас, ер ва мол-мулк солиғи белгиланган давр учун тўланмаган солиқлар солиқ тўловчининг ҳисоб-варағида қолади, фақат кечиктириб тўлангани учун пенялар 2023 йил 1 июнгача, яъни эски даврлар, бу 2019 йил бўладими, 2020, 2021 йил бўладими, кечиктириб тўланган солиқлар учун пенялар барчаси ҳисобдан чиқарилади. 

Жисмоний шахс қаергадир мурожаат қилиши керакми, деган саволлар ҳам бериляпти. Йўқ, пеняларни бекор қилиш бўйича жисмоний шахс ҳеч қаерга мурожаат қилмайди. Солиқ органи автоматик дастуридан ҳар бир солиқ тўловчининг ҳисоб-рақамидан пенялар учун ҳисобланган сумма ўз-ўзидан йўқолади. Солиқ органи 2 ҳафта муддатда автоматик тарзда пеняларни ўчиради. Айтганимдек, ер ва мол-мулк солиқлари ўз ўрнида қолади.

—  Бу шу вақтгача пеняларни тўлаганларга таъсир қилмайди, тўламаганларнинг пенялари ҳисобдан чиқарилади, шунақами?

Шу пайтгача тўлаб қўйганларники қарор 2023 йил 1 июндан деб чиққани учун мана бугун 20 июн, мана шу муддат оралиғида эски даврларга пеняларни тўлаган шахслар бўлса, уларга маблағ қайтариб берилиши мумкин. Шу кунгача ҳисоблаб қўйган пеняларнинг 2023 йил 1 июнгачасини солиқ органи ўзи автоматик ҳисобдан чиқаради, 2023 йил 1 июндан шу кунгача қарорни эшитмасдан тўлаб қўйганлар ариза ёзиб қайтариб олиши мумкин.

— Қайтариб олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Жисмоний шахс ўзи рўйхатдан ўтган туман солиқ инспекциясига ариза билан мурожаат қилиши керак бўлади. Бунда ортиқча тўланган пенялар бўлса, қайтариб беришингизни сўрайман деб ариза ёзиб, пластик картаси рақамларини ёзиши керак бўлади. Ёки солиқ тўловчи ортиқча тўланган маблағни бошқа турдаги солиққа ёки келгусидаги тўловга ўтказиб юбориши ҳам мумкин мурожаат орқали.

— Президент қарорида якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам даромад ва ижтимоий солиқлардан енгиллик берилиши назарда тутилган. Шу ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Аниқлаштириб ўтишимиз керак, яъни қайси якка тартибдаги тадбиркорларга? Бу енгиллик қатъий белгиланган суммада солиқ тўлайдиган, иқтисодий қийинчиликка учраган, 6 ой давомида ишламаётган якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан қўлланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларимиз 240 мингдан ошиқ. Айланма маблағи 1 млрддан ошганлари фойда солиғи ва қўшимча қиймат солиғини тўловчилари ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг қатъий белгиланган миқдорда даромад солиғи тўловчилар бор (уларни оддий тилда қатъий белгиланган солиқ тўловчилар деб атаймиз). Лекин маблағини тўлиқ ҳисоб-китоб қилмасдан, қатъий белгиланган миқдорда даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўловчи тадбиркорларимиз ҳам бор. Ҳозирда ҳисоб-китобларга кўра, бундай тадбиркорлар сони 300 мингдан ошиқ. Мана шу турдаги якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқлари, ижтимоий солиқлари, жарима ва пенялари 300 млрддан ошиқ суммани ташкил этяпти. Буларнинг ичида фаолиятини тугатган тадбиркорлар ҳам бор, лекин солиқлари тўланмай қолган. Қийинчиликка учрагани учун вақтинча фаолиятини тўхтатганлар ҳам бор.  

Фаолиятини бутунлай якунлаган ЯТТларнинг барча солиқлари, солиқдан қарздорликлари, жарима ва пенялари тозаланади, вақтинча фаолиятини тўхтатганларга эса имконият бўляпти. 6 ойдан бери солиқлар ва жарималарни тўлолмай, фаолиятини тўхтатганларнинг солиқларидан кечилади. Қанақа жарималар бўлишидан қатъи назар ва қанақа солиқ қарздорлиги бўлса улардан ҳам кечилади. Қатъий белгиланган солиқдан, ижтимоий солиқдан қарзи ва солиқ қарздорлигидан кечилади.

— Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича қандай имтиёзлар бериляпти?

— Ташқи савдо бўйича мавжуд дебитор-кредиторлик қарздорликлардан кечиляпти. Бу қарздорликлар бундан олдинги меъёрий ҳужжатларга асосан тўхтатиб турилган, кечиктирилган ҳолатлар бўлаётган эди. Энди эса ўша қарздорликлардан кечилиши белгиланди. Бу ҳам 2023 йил 1 июнгача бўлган муддатдаги барча дебиторлик қарзларидан кечилади. 1 июндан кейин эса янгидан қарздорлик ҳисоблана бошлайди. Қарз қанча бўлишидан қатъи назар амал қилади. Бунда ҳам автоматик тарзда ҳисобланади ва тадбиркорларга қўшимча талаблар қўйилмайди.

— Жисмоний шахсларга яна бир имтиёз назарда тутилган: ер-участкаларидан ҳужжатсиз фойдаланаётган фуқароларга оширилган солиқ ставкаларини қўллаш вақтинча тўхтатиб туриляпти. Бунда қандай енгилликлар берилади? Аниқ муддати белгиланганми?

— Оширилган солиқ ставкалари масаласи жисмоний шахслар томонидан кўп кўтарилди. Бундан олдин ҳам бу бўйича кўп енгилликлар берилди. Биламизки, ер участкалари ё ҳокимнинг қарори билан, ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан эгалик ҳуқуқи берилади. Ё давлат томонидан ижара ҳуқуқи берилади ёки доимий фойдаланишга берилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади, яъни  кадастр қилинади. Лекин жисмоний шахсларда кадастр ҳужжатлари борлигини жисмоний шахслар ерга нисбатан ҳужжат бор деб ҳисоблашади. Йўқ, кадастр ҳужжати қилинганда ер майдони ўлчан берилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди дегани. Лекин эгалик ҳуқуқи деган жойига “ҳужжатсиз” деб белгиланади. Ёки умумий майдоннинг қанчадир қисмига ҳужжат бор-у, қанчадир қисмига ҳужжат йўқ дейилади. Ўша ҳужжат бор қисмига 1 баробар солиқ ставкаси, ҳужжатcиз ерларга эса 3 карра миқдордаги солиқ ставкаси қўлланарди. Бу амалиёт 2020 йил 1 январдан амалиётга татбиқ этиб келинган. Жисмоний шахсларга 2 марта ер участкасини кадастр қилиш учун муддат берилди.

Берилаётган енгиллик ҳам фақат турар жойларга, нотурар жойларга эмас. Муддат масаласига келсак, бу қонун билан Солиқ кодексига киритилиши керак, ҳали депутатлар муҳокамасида. Бир қарорга келингач, белгиланган муддат бўйича ортиқча тўловлар ҳисобланади.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 2,5 млн ер участкаси ҳужжатсиз экани аниқланган. Уларнинг 3 баробар ҳисобланган солиқ суммаси эса 2,4 трлн сўм. Айтганимдек, қайси муддатдан қайтарилиши қонунчиликка ўзгартириш киритилгач, аниқ бўлади. Бу бўйича саволларга шундан кейин жавоб бериш мумкин бўлади. Лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин, 2024 йил 1 июнга қадар 3 баробар оширилган солиқ ставкаси тўхтатиб турилади. Бу ҳам яна бир имконият: кадастр ҳужжатларини тўғрилаб, эгалик ҳуқуқини расмийлаштириб қўйса бўлади фуқаролар.

— Фермер хўжаликлари учун сув солиғи бўйича айрим енгилликлар бериляпти. Шу ҳақида ҳам тўхталсак.

— Фермер хўжаликларига сув солиғи бўйича берилаётган имтиёз ҳақида гапирсак. Ўзи солиқ тўғрисидаги кодексда шундай имкониятлар бор. Агар фермер ариза билан мурожаат қилса, 6 ойдан 1 йил муддатгача бўлиб тўлаш имконияти берилади. Ер ва мол-мулк солиқлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан қарор орқали амалга оширилар эди ва бўлиб берилган давр учун ҳам фоизлар ҳисобланар эди.

Куни кечаги президент қароридан сўнг фермерлар ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади. Ҳозир 51 мингдан ошиқ фермер хўжаликларида жами 232 млрд сўмлик сув солиғидан қарздорликлари аниқланди. Қарор асосида ҳеч қандай фоизларсиз 6 ойдан 1 йил муддатгача бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин.

— E-Aktiv тизимига тадбиркорлик субъектларини мажбуран жалб қилиш муддати яна узайтирилди. Олдин ҳам шундай узайтиришлар бўлганди. Шу ҳақида гаплашсак.

— E-Aktiv тизими яширин иқтисодиётга курашиш, солиқ текширувларини камайтириш, масофадан назорат қилишнинг бир йўли сифатида киритилган эди. Ҳозиргача тизимга киритиш кечиктирилаётганига сабаб кўп тадбиркорлик субъектлари томонидан асосий воситаларни киритишда, ҳар бир маҳсулотга идентификация кодлари беришда қийинчилик бўляпти. Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоблари бўйича дастурларга интеграция қилинган бу тизим. Дастурни ихтиёрий равишда ишлатаётганлар ҳам кўп, шунинг учун ҳеч ким фойдаланмаяпти деёлмаймиз.

E-Aktiv’га мажбурий жалб қилиш 2023 йил 1 мартгача узайтирилган эди. Энди эса президент қарори билан муддат яна узайтирилди. Ихтиёрий равишда ишлатаётганлар ҳам ишлатаверади, дастурни ишлатмаётганларга эса жарима солинмайди.

— Иссиқхона фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорларга даромад солиғи қайтариб бериладиган бўляпти. Бу имтиёз қачонгача амал қилади? Адашмасам, бу имтиёздан фойдаланиш учун ҳам айрим шартлар бор.

—  Қарорга кўра, даромад солиғини қайтариб бериш учун аввало, иссиқхона майдони 25 сотихдан ортиқ бўлиши керак ва ҳар 5 сотихига биттадан расмий равишда ишчи олинган бўлиши керак. Ўша ишчиларга энг кам ойлик иш ҳақидан кам маош бермаётган бўлиши лозим. Шундай ҳолатда электрон ариза билан мурожаат қилади тадбиркор ва солиқ органи 12 фоизлик даромад солиғини қайтариб беради.

Шунга ўхшаш тартиб ишлаётганди, яъни 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган тадбиркорлар 15 фоизлик ижтимоий солиқни қайтариб олиши мумкин. Бунда меъёрга кўра, ходимга камида 6 ойлик иш ҳақи тўлаб келинаётган бўлиши керак. Бу дегани шуки, агар иссиқхона билан шуғулланувчи тадбиркор 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга олган бўлса, ҳам даромад солиғини, ҳам ижтимоий солиқни қайтариб олиши мумкин бўлади. Бу имтиёзнинг муддати 2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача, яъни бир йиллик муддатга бериляпти. Бунинг тартиблари ишлаб чиқилади ва эълон қиламиз.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.