Ортиқча ундирилган солиқни ҳисобга олиш ёки қайтариш тартиби

Улашиш:

Тугатилаётган юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммалари солиқ органи томонидан Солиқ Кодексда белгиланган тартибда бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.

Бунда ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларнинг (пеняларнинг, жарималарнинг) ҳисобга олиниши лозим бўлган суммаси бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзига мутаносиб равишда ёки тугатувчининг қарорига биноан тақсимланади.

Тугатилаётган юридик шахснинг солиқлар бўйича қарзи бўлмаган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммаси шу юридик шахсга Солиқ Кодексда белгиланган тартибда у ариза берган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

Юридик шахс томонидан у қайта ташкил этилгунга қадар ундан ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳуқуқий ворис (ҳуқуқий ворислар) қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ қарзини узиши ҳисобига солиқ органи томонидан ҳисобга олиниши лозим. Бундай ҳисобга олиш қайта ташкил этиш тугалланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай Солиқ Кодексининг 92-моддасида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Юридик шахс томонидан у қайта ташкил этилгунга қадар ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ҳисобга олиниши лозим бўлган суммаси ҳисобланиши ва тўланиши устидан назорат қилиш солиқ органлари зиммасига юклатилган бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қайта ташкил этилган юридик шахсда солиқ қарзи бўлмаган тақдирда, ушбу юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ (пеня, жарима) суммаси унинг ворисига (ҳуқуқий ворисларига) ҳуқуқий ворис (ҳуқуқий ворислар) ариза берган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қайтарилиши лозим. Бунда ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ (пеня, жарима) суммаси қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) ҳар бир ҳуқуқий вориснинг тақсимлаш баланси асосида аниқланадиган улушига мутаносиб равишда қайтарилади.

Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда шу солиқ тўловчига қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.

Агар жисмоний шахс солиқ тўловини ортиқча тўлаган бўлса, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-бошқа солиқ тўловлари бўйича мавжуд қарздорликни тўлашга йўналтириш (ортиқча тўланган суммаларни ҳисобга олиш);

-ортиқча тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш.

 Солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши керак:

- мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига;

- бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш ҳисобига;

- солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига.

Солиқ бўйича қарзни қоплаш ҳисобига солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.

Ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқнинг ортиқча тўланганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ёки агар солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан у тўлаган солиқларни биргаликдаги солиштириш далолатномаси солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан имзоланган кундан эътиборан ёхуд суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.     

 Ортиқча ундирилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида солиқ органига ариза солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суд қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш йил ичида берилиш мумкин.

Ортиқча ундирилган солиқ суммаси Солиқ Кодекснинг 103-моддаси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчига унинг ёзма аризасига мувофиқ солиқ органи томонидан бундай ариза қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, унга ҳисобланган фоизлар билан бирга қайтарилиши лозим.

Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.

Агар солиқ ортиқча ундирилгани факти аниқланган бўлса, солиқ органи ортиқча ундирилган солиқ суммасини, шунингдек солиқ кодексининг 105-моддаси 3-қисмида назарда тутилган тартибда ортиқча ундирилган суммага ҳисобланган фоизларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ёки ўша солиқ тури бўйича ёхуд Солиқ Кодекснинг 103-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан Солиқ Кодекснинг 104-моддаси биринчи - бешинчи қисмларида ортиқча тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча ундирилган фойда солиғи суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига Солиқ Кодексининг 105-моддасида белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.

                           Акмал Уринов -   Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси

                                                                                     

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.