«Ангрендаги қўрқинчли ЙТҲда 7 киши ҳалок бўлди – тафсилотлар маълум қилинди

Улашиш:

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, етти нафар инсоннинг ҳаёти узилди. Жорий йилнинг 7 сентябри куни соат тахминан 12:20 ларда А-373 “Тошкент–Ўш” халқаро автомобиль йўлининг 93-километрида цемент ташувчи “Shacman” юк автомобили бошқарувини йўқотиб, олдида тўхтаб турган иккита юк автомашинаси ва бешта енгил транспорт воситалари билан тўқнашди. Тўқнашув оқибатида ёнғин келиб чиққан ва у қисқа вақт ичида ўчирилган.

Ҳодиса жойида етти киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Яна беш нафар фуқаро оғир ва енгил тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилди. Тўрт нафар йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар уйларига жавоб берилди.

Ҳукумат комиссияси Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳодисани атрофлича ўрганмоқда. Мутахассислар ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиб, қонун доирасида ҳуқуқий баҳо бериши ва жабрланувчилар ҳамда уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши белгиланган.

Йўл транспорт ҳодисаси 15 йиллик тажрибага эга ҳайдовчи иштирокида содир бўлгани ва цемент ташувчи юк автомобили 2020 йилда ишлаб чиқарилгани қайд этилмоқда. Ҳодиса жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солди ва мамлакат миқёсида йирик авария сифатида қайд этилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.