FIFA президенти Инфантино Тошкентда: Ўзбекистон – Эрон финалини стадиондан томоша қилади

Улашиш:

8 сентябрь куни FIFA Президенти Жанни Инфантино Ўзбекистонга ташриф буюрди. Унинг келиши нафақат халқаро футбол ҳамжамияти, балки маҳаллий спорт жамоатчилиги учун ҳам муҳим воқеага айланди. Инфантино Тошкентда бўлиб ўтадиган CAFA Nations Cup 2025 финал учрашувини шахсан стадиондан кузатиши белгиланган.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг маълум қилишича, ташрифдан асосий мақсад — мамлакатда футболни янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни муҳокама қилиш, Миллий футбол маркази фаолияти билан яқиндан танишиш ва FIFA билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

FIFA делегациясини Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти ва МОҚ раҳбарияти аъзоси Отабек Умаров, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда бир қатор расмийлар тантанали равишда кутиб олди. Бу ҳолат Ўзбекистонда футболга қаратилган юксак эътибор ва халқаро нуфузнинг ортиб бораётганини яна бир бор намоён қилди.

Маълумот учун, финал учрашуви 8 сентябрь куни Тошкентдаги “Олимпия” стадионида соат 19:30 да старт олади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси финалда Эронга қарши баҳс олиб боради. Терма жамоамиз 5 сентябрь куни ярим финалда Қирғизистонни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ҳал қилувчи босқичга йўл олган эди.

Футбол ишқибозлари бу ўйинни нафақат спортнинг кучини, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги имижини кўрсатадиган муҳим воқеа сифатида ҳам баҳоламоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.