Uzbekistan Airways самолёти бортида бола туғилди

Улашиш:

Туркияга парвоз қилган 27 ёшли аёлнинг самолётда кўзи ёриди. Она ва боланинг аҳволи барқарор экани айтилди.

26 апрель куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича парвоз қилган HY-273 рейси самолёти бортида чақалоқ дунёга келди.

Қайд қилинишича, самолёт Истанбулга яқинлашганда аёлни тўлғоқ тутган. 1996 йилда туғилган Ситора А. бу ҳақда стюардессаларга мурожаат қилган. Шундан сўнг улар йўловчилардан шифокор бор ёки йўқлигини сўрашган.

Бироз вақт ўтгач, ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасида бўлган аёл ўғил фарзандни дунёга келтирган. Самолёт Истанбул халқаро аэропортига қўнгач, тиббиёт ходимлари она ва чақалоқни поликлиникага етказган. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси бола туғилишида ёрдам кўрсатган йўловчиларга миннатдорлик билдириб, уларга эсдалик совғалари тақдим этилишини маълум қилди. Шунингдек, «Бутунжаҳон учувчилар куни»да туғилган чақалоқ келажакда ҳаётини осмон ва авиация билан боғлашига умид билдирди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.