Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда 9 ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий этилади. Бу орқали 9-синфни тугатаётган 400 мингга яқин ўқувчи техникумларга, 11-синф битирувчилари эса олий таълим муассасаларига йўналтирилади.
Имтиҳонлар ўқувчиларнинг қобилиятига қараб уларни касб-ҳунар таълими ёки олий таълимга йўналтириш имконини беради. Мактабда ўқишни давом эттириб, университетга киришни истаган ёшлар эса танлаб олинган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганади.
Президент таъкидлаганидек: «Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса ҳал қилувчи босқичи бу — мактаб таълимидир».
Ҳозирда мамлакатда 6,5 миллион ўқувчи мактабларда таълим оляпти. Бу йил 1-синфларга 720 минг бола қабул қилинган бўлса, 400 мингга яқин ўқувчи мактабни битирди. Сўнгги саккиз йилда эса 500 га яқин янги мактаб қурилиб, мавжудларини кенгайтириш ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди.
Шунингдек, хусусий мактаблар фаолиятини ривожлантириш орқали ота-оналар учун танлаш имконияти кенгайди — ҳозирда 200 мингдан ортиқ ўғил-қизлар хусусий мактабларда ўқишни танлаган.
Янги имтиҳон тизими орқали мактаб таълимида битирувчиларнинг келажакдаги йўналишини аниқ белгилаш, уларнинг қобилият ва қизиқишларига мос касбий йўлни танлаш имконияти яратилади.