Европа олимлари инсоннинг шахсий тиббий маълумотларини таҳлил қилиб, келгуси 20 йил ичида қайси касалликларга чалиниши мумкинлигини башорат қиладиган сунъий интеллект моделини яратди. Янги тизим Delphi-2M деб номланади ва у тиббиёт соҳасидаги прогнозлаш технологияларини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бу ҳақда илмий Nature журнали хабар берди.
Delphi-2M инсон соғлиғи билан боғлиқ кенг маълумотлар асосида ишлайди. У нафақат мавжуд тиббий тарихни таҳлил қилади, балки шахснинг саломатлик ҳолати ривожининг эҳтимолий сценарийларини ҳам моделлаштириб беради. Яъни инсон 10–20 йил ичида қайси хасталикларга мойил бўлиши мумкинлигини олдиндан кўрсатади.
Олимлар бу моделни UK Biobank (Буюк Британия) лойиҳасида иштирок этган 400 минг киши ҳамда 1,9 миллион даниялик фуқаронинг тиббий маълумотлари асосида ўқитишган. Модель турли ёш, жинс ва ирсий омилларни ҳисобга олиб, уларнинг соғлиқ тарихи бўйича шахсий прогнозлар тузади.
Фактчекинг нуқтаи назаридан, Nature нашри Delphi-2M ҳали амалиётда тўлиқ жорий этилмаганини ва унинг хулосалари шифокор ташхисини алмаштирмаслигини алоҳида таъкидлаган. Ҳозирча у илмий синов босқичида турибди ва асосий мақсади — касалликларни эрта аниқлаш ҳамда профилактик чораларни самарали режалаштиришда ёрдам беришдир.
Шу билан бирга, экспертлар бу турдаги моделлар шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри прогнозлар хавфини камайтириш ва инсон саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий омилларни тўлиқ ҳисобга олиш зарурлигини таъкидламоқда.