Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил бошидан 25 сентябргача давом этган жанговар ҳаракатларда Россия армияси Украинада 4700 квадрат километр ҳудуд ва 205 аҳоли пунктини босиб олган.
Энг катта ўзгаришлар Донецк вилоятида кузатилди — 3300 км² майдон қўлга киритилган. Қолган рақамлар бўйича: Харковда — 542 км², Запорожеда — 261 км², Суми вилоятида — 223 км², Луганскда — 205 км², Днепропетровскда — 175 км².
Фактларга қараганда, Россиянинг бу йилги эгаллаган ҳудудлари ўтган йилги кўрсаткичдан ошган. 2024 йил охирига қадар Россия 4500 км² ва 190 аҳоли пунктларини назоратга олгани ҳақида Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов маълум қилган эди.
Аввалроқ, Владимир Путин Украинада 700 мингдан ортиқ россиялик аскар жанг қилаётганини айтган. Бу рақамларнинг ростлиги ва уларнинг мустақил манбалар томонидан тасдиқланиши эса ҳали ҳам баҳсли масала бўлиб қолмоқда.
Шу боис, халқаро таҳлилчилар Россиянинг келтирган рақамларига нисбатан эҳтиёткорона ёндашмоқда. Чунки Украина ва Ғарб манбалари кўп ҳолларда турлича статистика тақдим этмоқда.