Ҳиндистон ой машинасининг илк қадамлари: «Прагъян» ровери ўз ишини бошлади

Улашиш:

23 август куни Ойнинг жанубий қутбига муваффақиятли қўнган Ҳиндистоннинг «Прагъян» Ой ровери қўнувчи платформани тарк этди ва Ернинг табиий йўлдоши юзасига илк қадамларни қўйди.

«Ҳиндистон Ой бўйлаб сайр қилди!» дея ўз қувончларини бўлишган мамлакатнинг ISRO (Indian Space Research Organisation — Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти) космик агентлиги ходимлари.

23 август куни Ҳиндистон ойга юмшоқ қўнишни амалга оширган тўртинчи давлатга айланганди (АҚШ, СССР ва Хитойдан кейин).

Шу билан бирга, миссиянинг қиймати Америкадаги аналогларидан бир неча баравар кам.

Ҳинд илм-фанининг ютуғи, айниқса, Роскосмоснинг худди шундай уриниши фонида ишончли кўринади. 20 август куни россияликлар ярим аср олдинги муваффақиятларини такрорлашга ҳаракат қилганди.

Бироқ, уларнинг уриниши муваффақиятсиз якунланди. Модулнинг Ой юзасига тушиш босқичида «Луна-25» билан алоқа узилди ва қурилма йўқолиб қолди.

Ҳиндистон модулининг қўниши «Ой сунъий йўлдоши» — Ой орбитасида учиб юрган «Чандраян-2» кўмагида амалга оширилди.

Шу ҳисобдан, қурилма билан алоқа анча барқарор эди ва уни Ой юзасига охирги тегинишдан олдин тўғрилаш мумкин эди.

«Чандраян» — Ҳиндистон Ой дастурининг умумий номи бўлиб, у санскрит тилида «ой кемаси» деган маънони англатади.

Ой роверининг лақаби бўлмиш «Прагъян» эса «билим» ёки «донолик» маъноларини беради.

Ойга қўнган аппарат номи — «Викрам»ни «жасорат» деб таржима қилиш мумкин. Қурилма Ҳиндистонда ISRO космик агентлигининг асосчиси деб ҳисобланувчи ҳинд олими Викрам Сарабхай номи билан аталган.

Ҳиндистон Ой роверининг вазни атиги 26 килограмм.

У йўлда учраган кратер ва тошлардан эҳтиёткорлик билан қочиб, Ой юзасида бир неча кун саёҳат қилиши керак бўлади.

Қурилмада иккита илмий ускуна бор ва уларнинг вазифаси Ой юзасидаги тупроқни таҳлил қилиш.

Ушбу таҳлил ёрдамида олимлар реголитда қандай минераллар мавжудлигини яхшироқ тушунишга ва тупроқнинг кимёвий таркибини ўрганишга ҳаракат қилади.

Қўниш вақтида бўлганидек, қурилма билан алоқа «Чандраяан-2» орбитал аппарати орқали амалга оширилади.

ISRO матбуот хизмати хабарига кўра, Ой ровери секундига тахминан 1 см тезликда ҳаракатланади.

Қурилма ўзидан «автограф»ли чизиқлар қолдиради: ровернинг барча олтита ғилдирагига ISRO логотипи ва эмблемаси босилган.

«Прагъян» нима билан шуғулланади?

Қўниш Ой кунининг бошланишига тўғри келиши учун махсус ҳисоблаб чиқилган — Ойда кун икки ҳафта давом этади. Шундай қилиб, қўниш модули ва ровер ўз батареяларини 14 кун қуёш нури ёрдамида қувватлаши мумкин.

Тун тушиши билан уларнинг қувват тугайди ва ишлашдан тўхтайди. Уларни кейинги кун келгач қайта зарядлаш мумкин ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас.

Олимлар Ойда ноёб ва муҳим минералларни топишга умид қилмоқда, аммо «Чандраян-3»нинг асосий мақсадларидан бири — сув топишдир.

Муз доимо сояда бўладиган жанубий қутб минтақасидаги улкан кратерларда сақланиб қолиши мумкин деган версия мавжуд.

Келажакда сув фақатгина ой инфратузилмасини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлиб қолмайди. Электролиз ёрдамида уни ракета двигателларига ёнилғи қуйиш учун мос бўлган соф кислород ва водородга парчалаш мумкин.

Шу маънода, Марсга ва бошқа узоқ йўналишларга йўл олган космик кемаларни Ойда ёнилғи билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.