Мичиган университети ва Сингапур менежмент университети тадқиқотчилари олиб борган изланишлар турмуш қурганлар бўйдоқларга нисбатан ўрта ҳисобда ўзларини соғлом ва бахтли ҳис қилишини кўрсатди. Америка ва Япониядан 5000 га яқин катта ёшдаги инсонлар иштирок этган таҳлилда ёлғизлар кўпроқ саломатлик муаммоларидан нолишган ва ҳаётдан қониқиш даражаси паст эканлиги аниқланган.
Факт: натижалар Personal Relationship (PR) журналида эълон қилинган ва расмий академик манбалар билан тасдиқланган.
Оилани қўллаб-қувватлашнинг таъсири айниқса АҚШда кучли бўлиб чиқди. Турмуш қурган америкаликлар ўзларининг оила томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилиб, бу ҳолат уларнинг фаровонлигига тўғридан-тўғри ижобий таъсир кўрсатган. Бўйдоқлар эса кўпинча ижтимоий босим остида қолган ва бу уларнинг бахт ҳиссига салбий таъсир этган.
Японияда эса манзара биroz бошқача: иштирокчилар турмуш қуриш билан боғлиқ босимни ҳис қилган бўлса-да, бу уларнинг бахт даражасига жиддий таъсир кўрсатмаган. Тадқиқотчилар бу ҳолатни япон маданиятидаги стрессни енгиш механизмлари — яъни оилавий умидлардан узоқлашиш ёки ташқи ҳиссий қўллаб-қувватлаш йўлларини излаш билан изоҳлайди.
Мутахассислар таъкидлашича, тадқиқот турли маданиятларда никоҳ ва бўйдоқликнинг турлича идрок этилишини кўрсатади. Бироқ умумий хулоса аниқ: оиланинг қўллаб-қувватлаши инсон саломатлиги ва руҳий барқарорлигида муҳим устунликлар беради.