News time: Таъқибга учрамаган жума табриги, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва экологик жарималар

Улашиш:

Бойсунда депутат Ҳаж учун жамғарган маблағи ҳисобидан қишлоққа кўприк қуриб берди

Сурхондарё вилоятида Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Рамазон Абдуллаев Ҳаж сафари учун жамғарган маблағи ҳисобидан Гуматак қишлоғида кўприк қуриб берди. Туман ҳокими депутатни ташаккурнома билан тақдирлади.

Ўзбекистонга бензин қаердан келади? Унинг ҳажми ва нархи ҳақида

2023 йилда Ўзбекистонга бензин импорти бир неча баробар ошди. Биринчи тўрт ойда 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 центни ташкил этди. Импортнинг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келди.

Ўзбекистонда 4 ой ичида салкам 500 киши ЙТҲ қурбони бўлди

2023 йилнинг январь-апрель ойларида республикада 2144 та йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 499 киши вафот этди.

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатишга ҳеч қандай таъқиб йўқ — Мусулмонлар идораси

Тармоқларда жума табриги ва диний материаллар тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши айтилган хабарлар тарқалди. Мусулмонлар идораси уларнинг ёлғонлигини билдириб, жума табрикларини тарқатишга ҳеч қандай таъқиб йўқлигини маълум қилди. Идора улашиш мумкин бўлган манбалар рўйхатини келтириб ўтди.

Бошланғич синфларда Информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик ўқитилади

2023/2024 ўқув йилидан мактабларда билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий этилади: ўқитувчи ўқувчилар ўтилган мавзуларни амалиётда қўллаши, уларнинг танқидий фикрлаши ва материални таҳлил қилишини баҳолайди. Бошланғич синфларда Информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик ўргатилади.

Прeзидeнт мактаблари янги ўқув йили учун қабул эълон қилди

Президент мактабларига 2023/2024 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 10 июндан 30 июнга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилади.

Май ойида инфляция 0,5 фоизни ташкил этди

Ўзбекистонда май ойида инфляция 0,5 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция 10,4 фоизгача пасайди. Озиқ-овқатлар, ноозиқ-овқатлар ва хизматлар бир хилда — 0,5 фоизга қимматлашди.

Томорқасида банд бўлганларга ҳам меҳнат стажи ҳисобланиши мумкин

Сенат томонидан маъқулланган қонунга кўра, энди шахсий томорқа ер участкасида банд бўлган ер участка эгаси ёки унинг оила аъзоларига меҳнат стажи ҳисобланади. Бунинг учун улар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида солиқ тўлаб борилади.

Сенат «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Эндиликда ушбу муносабатларни тартибга солиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли орган бўлиб, соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштиради ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда судга даъво киритади.

Ўзбекистонда 17 ой давомида 429 млрд сўмлик давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви аниқланган

Антикоррупция агентлиги томонидан 2021 йил ва 2022 йилнинг 5 ойи давомида 429,3 млрд сўмлик 5805 та давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Ўзбекистонда қанча ногиронлиги бўлган шахслар яшайди?

Жаҳон банкига кўра, 2022 йилда аҳолининг 2,3 фоизи ёки 845,3 минг киши ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган. 60 ёшдан катталарнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум шаклига эга. Бундай шахслар турли соҳаларда қийинчиликларга учрамоқда, ҳукумат эса вазиятни яхшилашга уриняпти, дейилади тадқиқотда.

Экологияга зарар етказиш ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жарималар оширилади

Ўзбекистонда атроф-муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади. Шунингдек, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш учун жарималар миқдори сезиларли даражада оширилади.

Ўзбекистонда Zilzila mobile дастури яратилди

Ўзбекистонда зилзила вақтида тўғри ҳаракат қилишга ўргатадиган Zilzila mobile номли дастур яратилди. Унда ер силкиниши пайтида, олдин ва кейин қандай ҳаракатлар амалга ошириш кераклиги бўйича ва бошқа маълумотлар, шунингдек, тайёргарлик даражасини текшириш учун тестлар мавжуд.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.