Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Жорий йилнинг 19 август куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб–қувватлаш борасида изчил амалга оширилаётган сиёсатнинг яна бир яққол мисоли ҳисобланади. Мазкур фармонга мувофиқ, президентимизнинг тадбиркорлар билан бешинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Жумладан, Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилиб, унга мувофиқ 2026 йилдан бошлаб жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкалари электрон онлайн аукционга чиқарилади. 2026 — 2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача кредитлар ажратилади. Ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов ўтказилади. Кредитларни ажратишда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан кафиллик тақдим этиш, фоизларни қоплаб бериш механизмлари жорий қилинади.
Жиззах вилоятида 2025 йилда туризм соҳасига йўналтирилган инвестиция, инфратузилма, халқаро ҳамкорлик ва маркетинг жиҳатдан бир қатор фаол ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 23–24 апрел кунлари Зомин Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025 тадбири бўлиб ўтди. Унинг натижасида 700 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди. Форум доирасида туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган лойиҳалар намойиш этилди. BMB Holding томонидан Шароф Рашидов туманида лойиҳа қиймати 15 миллиард сўмлик “BMB Village” туризм мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ғаллаорол туманидаги Узунбулоқ маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди, 10 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари, ҳунарманд усталар, овқатланиш жойлари ташкил этилди. Айдар‑Арнасой кўллар тизими қирғоғида туризм маркази барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.
Фармоннинг яна бир муҳим йўналиши бу солиқ имтиёзлари билан боғлиқдир. Унга кўра Солиқ тўловчиларни рағбатлантириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектлари бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилинади. Бу вақт давомида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди.
Солиқ мажбуриятларини бажаришнинг проактив тартиби жорий этилади. Масалан, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади. 2025 йил 1 август ҳолатига “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имконияти берилган ҳолда, ушбу рўйхат 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига қайтадан шакллантирилади. Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб, сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланиб, мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, ушбу Фармон тадбиркорликка янада кенгроқ эркинлик ва шарт-шароит яратиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда назорат қилувчи органларнинг назорат функцияларини маъсулият билан амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Диёр Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
бўйича вакил девонининг Жиззах вилоят шўъбаси ходими