Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 2025 йил давомида давлат бошқаруви органларида фаолият юритаётган ички аудит хизматларининг самарадорлиги баҳоланди. Баҳолаш бюджет интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилган.
Маълум қилинишича, 2025 йилда баҳолаш тизими такомиллаштирилган. Саволлар сони 58 тага етказилиб, баҳолаш 7 та асосий йўналиш бўйича амалга оширилган. Уларнинг қаторига хавф таҳлили, аудит тадбирларининг қонунчиликка мувофиқлиги ва ходимларнинг малака даражаси каби мезонлар киритилган.
Хавф таҳлили асосида танлаб олинган 11 та вазирлик ва идора фаолияти ўрганилган бўлиб, бу жами тизимларнинг 22 фоизини ташкил этади.
Натижаларга кўра, вазирлик ва идоралар қуйидагича баҳоланган:
- Юқори даража (90 фоиздан юқори):
Адлия вазирлиги — 92,4 фоиз,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — 91,6 фоиз. - Ўрта даража (70–90 фоиз):
6 та идора, жумладан, Ўзархив агентлиги (88,7 фоиз) ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (86,1 фоиз). - Паст даража (70 фоиздан кам):
Транспорт вазирлиги — 62,2 фоиз,
Экология вазирлиги — 64,3 фоиз,
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги — 66,7 фоиз.
Таҳлилларга кўра, ички аудит ходимларининг малакаси ва хизмат мустақиллиги кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган. Шу билан бирга, айрим идораларда йиллик режаларни хавф таҳлили асосида шакллантириш даражаси 19–38 фоиз оралиғида қолгани, шунингдек, режалаштирилган чора-тадбирлар ижросида камчиликлар мавжудлиги қайд этилган.
Ўрганишлар давомида қуйидаги муаммолар аниқланган:
- ички низом ва лавозим йўриқномаларининг намунавий ҳужжатларга тўлиқ мос эмаслиги;
- аудит тадбирлари натижаларининг “Давлат аудити” ахборот тизимига тўлиқ киритилмаслиги;
- тизимли муаммоларни аниқлашга қаратилган режадан ташқари аудит тадбирларининг етарли эмаслиги.
Маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йиллик ҳисоботига асосланган.