Facebook’да Юнусобод туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ҳолат юзасидан баёноти эълон қилинди. Баёнотда шундай дейилади:
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув харакатлари давомида ушбу видео тасвирлардаги бола вояга етмаган 2006 йилнинг 6 июнида туғилган Мирфайз Алимжонов Мирфаёзович эканлиги аниқланган.
2020 йил 2 январь куни соат 15:23 ларда Юнусобод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига РШТЁИМ қабул бўлимига вояга етмаган 2006 йил 6 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти тугалланмаган ўрта, Юнусобод туманидаги 258-сонли ўрта таълим мактабининг 7г-синф ўқувчиси, Юнусобод тумани 19-мавзе 35-уй 115-хонадонда яшовчи Мирфайз Алимжонов РШТЁИМ томонидан 2020 йил 2 январь куни берилган №62 сонли маълумотномага кўра «юз ва тана соҳасининг кўплаб қонталашлари ва лат ейишлари» ташхиси билан мурожаат қилиб унга амбулатор даво тавсия этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган М.М.Алимжоновнинг тан жароҳати олганлиги ва Telegram интернет ижтимоий тармоғига тарқалган хабар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида вояга етмаган М.М.Алимжонов Юнусобод тумани 19-мавзе 35-уй 115-хонадонда онаси билан яшаб келиши аниқланди.
Боланинг онаси Ўзбекистон миллий академик драма театри актрисаси Мадина Мухторова вояга етмаган М.М.Алимжоновнинг (кўрсатмаларига кўра) тарбияси бузилиб, кўп вақтини кўчада ўтказаётганлиги ва унинг хулқ-атворидаги ўзгаришлар сабабли 2020 йил 2 январь куни соат тахминан 12:30 ларда ўртанча ўғли Санжар Мухторовдан укаси билан гаплашиб қўйишни сўраган.
Шу сабабли С.С.Мухторов Юнусобод тумани 19-мавзе 35-уй 115-хонадонга келиб, укаси вояга етмаган М.М.Алимжонов билан онаси М.С.Мухторова иштирокида суҳбатлашган вақтида укасининг қўпол муомалада бўлганлиги ва гапларига қулоқ солмаганлиги сабабли уни қўли билан юз ва тана қисмидан туртиб силталаганлиги натижасида вояга етмаган М.М.Алимжоновнинг танаси кўкариб, унинг тан жароҳати олганлиги, шундан сўнг М.С.Мухторова вояга етмаган фарзандининг танасида кўкаришлар борлиги сабабли уни соғлиғини текширтириш мақсадида шифохонага олиб борган.
Сўнг тиббий текширувлардан ўтказиб фарзандини иш жойи яни Ўзбекистон миллий академик драма театри биносидаги хонасига олиб борганлиги, сўнг М.С.Мухторова ўртанча фарзанди С.С.Мухторовни унга кам эътибор бераётганлиги ва уни қўрқитиб қўйиш мақсадида вояга етмаган М.М.Алимжонов билан келишиб унинг танасини кўкарган жойларини танал бўёқлар билан бўяб танадаги кўкаришларни бўрттириб кўрсатганликлари, сўнг гўёки унинг акаси муттасил равишда уни қийнаб уриб келаётганлиги тўғрисида онасига айтиб берганлиги, ушбу ҳолатни М.С.Мухторованинг телефон аппарати орқали видеотасвирга олганликлари, аммо аслида бундай ҳолат бўлмаганлигини маълум қилган.
Ушбу видеотасвир ижтимоий тармоқларга М.С.Мухторова шу куни телефон аппаратини қувватлаш учун хонасида қолдириб кетган вақтида унинг касбдошлари томонидан берухсат олиниб (ҳозирда ким томонидан тарқатилганлиги аниқланмоқда) тарқатиб юборилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари вояга етмаган М.М.Алимжонов билан онаси иштирокида Юнусобод тумани ИИО ФМБ ХПБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектори ва психологи иштирокида ўтказилган суҳбат вақтида вояга етмаган М.М.Алимжонов тан жароҳати эҳтиётсизлиги оқибатида ва ўзининг айби билан олганлиги ҳолати бўйича акаси С.С.Мухторовга нисбатан даъво эътирози йўқлигини, ариза ёзишдан бош тортишини, акаси томонидан унга жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини маълум қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан томонларнинг кўрсатмаларини текшириш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Facebook фойдаланувчилари боланинг аҳволи яхши эканлиги ҳақидаги видеомурожаатига, ИИБнинг расмий баёнотига қарамай боланинг ростдан ҳам беаёв калтакланганини айтиб, унинг акасига нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилмоқда.