Унинг бўйи 1 метру 12 см. Вазни 26 килограмм. 27 ёшли Ҳасан Ҳамроев ана шу физиологик кўрсаткичлар билан Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти жисмоний маданият факультети 2-босқич талабаси. Шаҳардаги номдор рестораннинг бетакрор ходими, таъбир жоиз бўлса – бренди.
«Туғилганда Ҳасан Ҳусандан каттароқ эди...»
Онаси Дилрабо Зокирова Ҳасан-Ҳусанлари туғилган янги йил кечасини шундай эслайди:
– Янги йилни уйда кутиб олиб, кейин туғуруқхонага бормоқчи эдим, бўлмади. Битта-иккита салют отила бошлаганда уйдан чиққанмиз. Туғуруқхонада 1996 йилнинг биринчи чақалоқлари менинг эгизакларим бўлди. Ҳасан йирикроқ – уч килограмм ва Ҳусан икки ярим килодан сал оғирроқ вазнда эди. Хўжайиним томонидан авлодда эгизаклар туғилиб келган. Лекин, бўйи ўсмай қолгани бўлмаган, – дея хўрсиниб қўяди аёл.
Ҳасанжон билан у ишлаётган «Зарҳал» ресторанида суҳбатлашдик.
– Оилада беш фарзанд улғайдик. Акам, икки опам ва кейин биз – эгизаклар. Мендан бошқа ҳаммаларининг бўйи узун. Ҳусан укам ҳам дароз йигит. Болалигимда кўп касал бўлган эканман. Лекин эсимни таниганимдан бери, умуман игнадори (укол) олмайман, дори ичмайман. Энди-энди, гоҳида бошим оғриса, дори ичадиган бўлдим. Шамолласам ҳам, Худога шукр, ўн кунлаб муолажа олмайман ёки касалхоналарга ётмайман, дарровгина ўтиб кетади.
– Болалар улғаяр экан, Ҳасан негадир кўп касал бўлаверарди, – телефон суҳбатида давом этади она. – Ҳушидан кетиб қоларди. Бора-бора бу ҳолат тез-тез такрорланадиган бўлди. 4 ёшларга қадам қўяётганда, охирги марта шифохонага ётқизганимизда, томчи дорилар кетмай қолди. Шунда дўхтирлар, «энди олиб кетинглар, аҳволи оғир, тайёргарлик кўраверинглар» дейишди. Иложсиз уйга олиб келдик. Шунда бола уч кеча-кундуз ухлади. Кейин кўзини очди. Шу-шу касал нималигини бошқа билмади. Ҳасан дўндиқ ва калтароқ, Ҳусан эса ориқ, лекин новча эди. Фақат 8 ёшдан кейин Ҳасан ўсишдан қолаётгани маълум бўлди.
Дилрабо опа Ҳасаннинг ўсмай қолишини болаликдаги касалликлар асорати деб билади.
Кичкина одам бўлиш қийинми?
– Гоҳо автобусда тирбандлик шунчалик бўладики, пастроқдан ушлайдиган бир жой тополмайсиз, тепадаги тутқичга қўлингиз етмайди. Ёки тиқилинчда сизни ёш бола хаёл қилишади. Мен эса вазиятдан чиқиб кетишни ўрганиб бораяпман.
Аммо, миттилик қатор имкониятлар беришини ҳам биласизми? Масалан, зинадан чиқишда тенгдошларимдан анча чаққон, чопқиллаб чиқиб кетаман. Ёки гавжум жойда кичик одам, талотўп орасидан тезда ёриб ўтиб кетса бўлади. Яна-чи, сен ёш бола эмаслигингни билишса ҳам, худди боладек эркалашади. Қолаверса, мен митти одам бўлмаганимда, шундай номдор даргоҳга ресторан иши бўйича на малакам, на маълумотим бўлмаган бир пайтда ишга олишармиди? Кичкина инсон эканимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Аллоҳнинг иши бу, бунда ҳам бир ҳикмат бордир, – ўзига хос овозда гапиради Ҳасанжон.
Йигит Ургут туманининг Тожикистон чегарасига яқин, Чеп қишлоғида туғилиб ўсган. Шу ерда 74-мактабда ўқиган. 9-синфдан сўнг ўқишини спортга ихтисослашган коллежда давом эттирган. Онасининг айтишича, қишлоқда у қорамол боқишга қизиққан.
«Ўнтача моли ва қўйи бор эди. Жуда яхши қарар эди. Шаҳарга жўнаши олдидан ҳаммасини сотдик. Акаси, укаси Ҳусан ҳам ўшанда Россияда эди. Катта ўқишларга киришга имтиёзи бор дейишди, у ҳам дунёни кўрсин, дедик», – дейди онаси.
2022 йилнинг ёзи Ҳасан учун омадли келди. У Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти жисмоний маданият, спорт ва мактабгача таълим факультети талабаси бўлди. Олимпия захиралари марказидаги «Дельфин» масканидан республика сузиш мусобақасига юборилди ва ғолиблардан бири деб топилди. Шундан кўп ўтмай, уни Самарқанднинг машҳур ресторанларидан бирига ишга таклиф қилишди.
– Ҳам ўқиш, ҳам ишга қандай улгурасиз? Тахминий кун тартибингиз қандай?
– Эрталаб соат 7 да уйғонаман. Енгилгина нонушта қилиб, трамвайда, ундан тушиб автобусда иш жойимга етиб келаман. Бу вақтда ресторанда меҳмонлар бўлмайди. Мен салат тайёрлайдиганлар олдига кириб, у-бу масаллиқларни тайёрлашга ёрдамлашаман. Орада дам олишга, китобларни варақлашга ҳам фурсат бўлади. Соат 12 да ўқишга бораман. Ресторанда асосий тадбирлар оқшомда бошланади. Шу вақтда ўқишим тугайди ва ҳақиқий фаолиятим бошланади. Кечки соат ўн, ўн яримларда ишим тугайди ва мен уйга қайтаман. Ана шу вақтда дарс тайёрлайман, – батафсил ҳикоя қилади Ҳасанжон.
Олий таълим
– Ҳар куни икки парадан тўрт парагача дарс ўтамиз. Гуруҳимизда соғлом талабалар қатори кўзи ожизлар ҳам, кар-соқовлар ҳам, менга ўхшаганлар ҳам бор. Ногирон одам олий маълумот олиб келажакда нима иш қилади, деган савол беришади. Бизлар худди ўзимизга ўхшаган ўқувчиларга дарс беришимиз, ногиронларнинг турли ташкилотларида ишлашимиз мумкин. Бу энди ҳар кимнинг лаёқатига, омадига боғлиқ. Мактабда ҳам аълочи бўлмаганман. Лекин дарсларни қолдирмаганман. Таълим олиш борасида ўз устимда ишлашни кучайтирмоқчиман, – дейди суҳбатдошимиз.
Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти «Ёшлар билан ишлаш ва маънавият бўлими» бошлиғи Шерзод Рашидов Ҳасан Ҳамроев энг тартибли талабалардан бири эканини таъкидлади:
– Интитутда юздан ортиқ ногирон талабамиз бор. Уларнинг ҳаммаси давлат гранти асосида ўқийди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирига ногиронлик нафақасига қўшимча равишда базавий стипендиянинг ярми миқдорида (бугунда 700 минг сўм) стипендия берилади. Ҳасан сузиш бўйича республикадаги пешқадамлардан бири. У келажакда дунё миқёсидаги мусобақаларда ғалаба қозониши мумкин.
«Ҳасанжон – бизнинг чеҳрамиз»
– Ресторанимиз бир неча залдан иборат. Шундан 20 кишилик даврани ҳам, 50 кишилик, 100 кишилик тадбирларни ҳам алоҳида-алоҳида жойда ўтказиш имкони бор. Бир даврада меҳмонларни кутиб олиш, бошқасида овқатларни чиқарганда шоу дастурини бошқариш, масалан, ўнг залда салатларнинг тузини сепиб бериш ёки чап залда туғилган кун нишонланаётган бўлса, тортли аравачани киритиш, хуллас, барчасига кайфият улашиш – менинг вазифам. Гоҳида залга кириб қўлингни кўксингга қўйиб, «Хуш келибсиз!» десам ҳам меҳмонлар юзига табассум ёйилади. Баъзан рақсга чорлашади, чиройли рақсга тушасан, дейишади. Бирга суратга тушишга таклиф қилишади.Фақат ресторанда эмас, кўчада ҳам кўпчиликнинг меҳрини, ҳурматини ҳис этаман.
– Лекин, одамлармиз бир хил эмас-да...
– Тўғри айтасиз. Болалигимда мени масхара қилган тенгдошларим бўларди. Улар бола эди. Куни кеча бўлган воқеа. Такси ҳайдовчиси келбатли, кап-катта эркак аввалига ёшимни сўради. Тўғриликча айтдим. Сўнг уйланган ёки бўйдоқлигимни билгиси келди, саволига жавоб бердим. Шундан кейин шахсий ҳаётим билан боғлиқ турли бемаъни саволларни бера бошлади. Охири, «сиз манзилимга олиб бориб қўйинг, бошқаси билан ишингиз бўлмасин» деб суҳбатни шарт тўхтатдим.
Бунақа ҳолатларни кўнгилга олмасликка ҳаракат қиламан. Ҳатто мана шу ерда мижозларнинг мингидан бири бўлса ҳам беўхшов ҳазил гап айтса ёки шунга ҳаракат қилса, эшитмаганга, кўрмаганга оламан. Зотан, ўша одам бир кун келиб мендан баттар аҳволга тушмаслигига ким кафолат беради? Мен-ку, ўз оёқ-қўлимдан, кўзимдан, тилимдан қолганим йўқ. Бировга оғирлигим тушмаганига шукрлар қиламан.
Базмгоҳдаги йиғинларга гоҳида аравачадаги кишиларни ҳам олиб келишади. Чиройли кийинган, тилло тақинчоқлар ҳам тақиб келганлари бўлади. Уларнинг айримлари қайтаётганда йиғлаб-йиғлаб қайтади...
– Жамоадошларингиз сизни роса ҳурмат қилишаркан...
– Ресторан бошлиғи Рустам ака Турсунов, иш бошқарувчи Суҳроб ака, админстраторимиз Алишер акаларнинг эътибори жамоадаги ҳар бир ходимга кўчгандек. Ҳар кунимиз самимий ҳазил-ҳузул билан, ҳеч бир зўриқишсиз ўтади. Залга кийиладиган барча кийимларни олиб беришади, баъзан ўзим оламан.
Рестораннинг салат тайёрловчи устаси, қаҳрамонимиздан ўн ёшлар чамаси катта бўлса ҳам, ҳурмат билан «Ҳасан ака» дейдиган Ғайрат Пардаев Ҳасанжоннинг қўллари чаққон эканини, қолаверса, фартук тақиб сафда туриши ҳам жамоани руҳлантиришини айтади.
«Ахир, у шу ишни қилмаса ҳам ҳеч ким уришмайди. Аслида Ҳасан аканинг асосий вазифаси меҳмонлар кайфиятини кўтариш-ку. Лекин у бекор ўтиролмайди», – дейди у.
«Она, сиз йиғламанг»
Ҳасанни излаб борган кунимиз, у юқори қаватда банд экан. Иш бошқарувчи Суҳроб ака билан гаплашиб қолдик.
«Ҳар қандай соҳада раҳбарият чеҳраси очиқ, самимий ходимларни қадрлайди. Ҳасан ана шундай оқкўнгил, самимий йигит. Кўп бўлмади, Ҳасаннинг эгизи Ҳусан Россиядан қайтиб келганда, унаштиришибди. Шунда ресторан раҳбарияти билан Ҳасанни ҳам уйлантириб қўйишни маслаҳатлашдик. Ҳамма харажатларни ўзимиз кўтарадиган бўлдик. Мана, ёнимизда «Зебо» (шаҳардаги номдор маиший хизмат уйи)даги қизларнинг билмаган нарсаси йўқ. Ўшалар 2-3 нафар кичикроқ қизларни топишди. Лекин, Ҳасаннинг ўзини кўндиролмадик-да. Ҳали қиладиган ишлари бор эмиш, – дейди Суҳроб ака.
Ҳасан билан суҳбатда эса тўйни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ишлар нима эканини билишга қизиқдик ва жавобини олиш учун ундан қайта-қайта сўрадик. У охири «ёрилди»:
– Уй олишим керак. Ҳозир-ку талабаман, тоғамнинг яна бир талаба ўғли билан битта уйни ижарага олиб яшаб турибмиз. 100 доллардан қўшамиз, битта квартирани 200 долларга олганмиз. Аввало уй олиб, бийим (шевада, - онам) билан дадамни шаҳарга олиб келишни ният қилганман. Кейин, уёғи бир гап бўлар.
Ҳасанжоннинг ана шу гапларидан кейин, Чеп қишлоғидаги шарт-шароит билан таниша бошлайман. Қишлоққа табиий газ умуман етиб келмаган. Ичимлик суви ҳам тортиб келинмаган. Ариқ ва артизан қудуқ эса сўнгги вақтларда аҳолини сувдан ёлчитмаяпти экан. «Лекин, электр бор, шукр» дейишди чепликлар. Аёллари ҳамма бошқа қишлоқларда бўлгани каби нон ёпади, сигир соғади, экинга қарайди, кич-чир, супур-сидир дегандек...
Дилрабо опанинг эса ҳуш-хаёли Ҳасанда.
«Бешта фарзандимнинг бари меҳрибон. Аммо, Ҳасан мени бошқача яхши кўради. Бир нимага сиқилиб кўзларим ёшланганини кўриб қолса, «бийи, йиғламанг, мен сиз учун яшаяпман-ку, йиғламанг» дейди. Кимдир уни хафа қилса кечиролмайман», – дейди она.
«Мени доимо рағбатлантириб турган бийим бўладилар. Катта акам Россияда, дадам ҳам ҳозирча уйдан йироқда. Бийим мени кўпроқ ўйлашларини сезаман. Маош олганимда уларга кўйлак олишни яхши кўраман. Бозорга бориб, ўзим танлайман», – дейди Ҳасан.
Ҳасан маошини яширмайди – ҳар ойда 400 доллар. Яна 700 минг сўм нафақа ва 700 минг сўм стипендия ҳам олади. Очиғи, Самарқанддаги ҳамма йигит ҳам рӯзғорига шунча пул кирим қилолмайди.
Ана, ресторан залига официант йигитлар сафи олдида митти Ҳасан кириб келаяпти. У энди биринчи иш кунидаги каби уялмайди. Ҳасан жаҳоннинг энг яхши фильмлари, кўрсатув ва шоуларида митти қаҳрамонлар улкан вазифаларни бажаришларини энди билади.
Мустаҳкам Тангриёрова