Яхшиям сиз борсиз, онам...

Улашиш:

Ўзбек аёлининг тимсоли сизга таниш. Эрта-ю кеч тиним билмайдиган, фарзандлари-ю турмуш ўртоғининг инжиқликларига сабот билан бардош бериб, кунни-кеч қиладиган аёлларимиз чин маънода ирода ва сабр тимсолларидир.
Кўкламнинг илк ойи - март бошланиши биланоқ гулдаста қучоқлаб, мўътабар онасини, мунис опаси ёки синглисини ёинки вафо-садоқатда ягона бўлган ёрини байрам билан муборакбод этишга, шунинг баробарида уларга тинчлик-хотиржамлик, бахт-у баркамоллик ҳамда ҳар икки дунё саодатини тилашга ошиқаётган юртдошларимизга ҳар куни кўзимиз тушмоқда. Чиндан ҳам аёл деб аталмиш мунис хилқат вакилалари бундан-да кучлироқ эъзозга, эътиборга муносиб. Оиланинг устуни эркак бўлса, зукколиги ва саришталилиги билан фарзандларни тарбиялайдиган мунисаларимиз – онажонларимиздир.
Байрамнинг эрта-кечи йўқ, шу мақсадда бугун Фурқат тумани Давлат хизматлари маркази йигитлари аёл ходимларни кириб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар айёми билан қутлаб, уларга аталган энг самимий тилакларимизни изҳор этдик. Шундан сўнг, Эшон қишлоғида яшовчи Орзибиби она Пўлатова хонадонига йўл олдик. Туманимизда бир асрдан зиёдроқ умргузаронлик қилаётган кексалар бармоқ билан санарли бўлса, шуларнинг биттаси ана шу нуроний онахондир. У кишининг дуосини олиш ҳамда айём билан табриклаш ниятида хонадонига ташриф буюрдик. Юз билан юзлашган онахон меҳр ва эътибордан мамнун бўлди. Шу куни Навбаҳор МФЙда истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Рашидахон аянинг ҳам холидан хабар олинди. У кишига баҳор ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар туҳфа этилди.
Юзидан нур, самимийлик ёғилиб турган ҳар икки аёлга эҳтиром кўрсатиш асносида марказ томонидан кўрсатиладиган хизматларни уйларига бориб исталган хизмат турини кўрсатишга тайёр эканлигимизни айтиб, телефон рақамимизни қолдирдик!

Бекмурод МАНАЗАРОВ,
Фурқат тумани Давлат хизматлари маркази директори.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.