Тақдир мени қўлида кўтариб юради

Тақдир мени қўлида кўтариб юради

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида яшовчи Малика Ортиқбоева шу гапни  тез-тез такрорлашни яхши кўради. Дарҳақиқат, тақдир уни деразадан тикилиб ўтиришга маҳкум қилмади. Унинг олами ўзи тиккан кўйлак, кўрпача, чимилдиқ каби турли маҳсулотларга ишлатадиган матолари сингари ёрқин ва ранг-баранг. Ҳаммаси бундан ярим аср олдин: катта оиланинг фарзанди бўлган қизалоқ биринчи марта тикув машинасига ўтирганида бошланган.

Малика опа бекор ўтиришни ёқтирмайди. Буюртма бўлмаса, маҳалладаги хотин-қизлар учун бичиш-тикишдан маҳорат дарслари ўтказади. Унинг шогирдлари ҳеч қачон урфдан қолмайдиган ҳунар билан кун кечирмоқда.

Бундан тўрт йил аввал Малика опага давлат томонидан хонадон совға қилинди. Бугун Малика опа ўша хонадонда жияни ва унинг оиласи билан яшамоқда. У ўзини ҳеч қачон имконияти чекланган деб ҳисобламайди, чунки унинг ўзига ва одамларга бўлган ишончи касалликдан кўра кучлироқ.

Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари Ногиронлар жамияти раиси Индира Ембергенова Малика опадан ўрнак олиш керак, деб ҳисоблайди. Чунки Малика опа сингари инсонлар ҳамиша ҳаётнинг ва севимли ишининг қадрини билишади.