“Домино эффекти”

Улашиш:

Бутун дунё халқлари учун айни вақтда оғир вазият. Коронавирус пандемияси туфайли барча давлатлар карантин эълон қилган. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам.

УЙДА ҚОЛИНГ! Ўз хавфсизлигингизни ва оила аъзоларингизнинг саломатлигини асранг дея бот-бот такрорлансада аммо айрим қўштирноқ ичидаги “тепса тебранмас” инсонлар бу вирусга оддий нигоҳ билан қарамоқда ва карантин қоидаларини қўпол тарзда бузяптилар. Махсус тиббий ниқоблар тақилмаслиги,  қўлларни ҳимояловчи воситалар билан қопланмаслиги, антисептик маҳсулотлардан фойдаланмаслик ўзгаларнинг ҳам хотиржамлигини бузиши табиий хол. 

Телеэкранларда, ижтимоий тармоқларда, газета, радио қўйингки барча оммавий ахборот воситалари орқали коронавирусга қарши курашиш борасидаги тавсиялар, қоидалар, суҳбатлар, турли хил роликлар, мақолалар орқали берилаётган бўлсада касалликга чалинганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам белгилаб қўйилди. Нега бунча лоқайдмиз ёки ўзимизнинг, яқинларимизнинг саломатлиги керак эмасми?

Карантин эълон қилингандан сўнг қуйидаги тартиб ишлаб чиқилди. Яъни автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома (стикер) бериш тартиби жорий этилди.

Стикер онлайн тарзда олиниши учун барча шароитлар мавжуд бўлсада аммо фуқаролар марказда. Керагидан ортиқ тирбандлик, мурожаатчиларнинг тартибни бузиш холатлари мавжуд карантин қоидаларини бузишга сабаб бўлмоқда. Эслатма сифатида шуни айтиб ўтиш керакки уйингиздан чиқмаган ҳолда стикер олишни мустақил равишда my.gov.uz портали орқали олишингиз мумкин. Қандай ҳужжатлар кераклиги электрон сўровноманинг ўзида  соддалаштирилган тартибда кўрсатиб қўйилган.

Аризани жўнатиб бўлганингиздан сўнг 8 иш соат давомида  рад этилди ёки тасдиқланди деган хабар келади. Хабарномани олганингиздан сўнггина ўзингиз ДХМга келишингиз мумкин бўлади.

Автомобиллар ҳаракатланиши учун махсус Рухсатнома(стикер) расмийлаштирилиши тўғрисида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот канали”да инфографика ишлаб чиқилди.

Унда 2020 йилнинг 2 апрель ҳолатига жами 129 минг 452 та ариза ДХМлар томонидан қабул қилинган. Ҳозирга қадар 69 минг 196 та аризалар кўриб чиқилган. 15 минг 693 та ариза қаноатлантирилиб, махсус рухсатнома (стикер) берилди. 53 минг 503 та ариза эса белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун рад этилган.

Бу хизматни кўрсатишда Тошкент шаҳридаги 11 та ДХМларнинг 168 нафар ходимлари, Нукус шаҳри ва вилоятларда эса 13 та марказнинг 425 нафар ходимлари куну тун ва дам олишсиз ишга жалб этилганлар.

Шундай экан Сизнинг тўлдирган онлайн мурожаатингиз синчковлик  билан кўриб чиқилмоқда. Сиз уйда қолинг! Давлат хизматлари марказлари ходимлари эса мурожаатингизга албатта жавоб берадилар. 

Бир инсоннинг ҳаракати юзлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир қилишини унутманг! Аҳир коронавирус “Домино эффекти” орқали юқишини инобатга оладиган бўлсак ўзингизни ҳам, кеча-ю кундуз меҳнат қилаётган марказ ходимларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйишга ҳам маънан, ҳам жисмонан ҳаққимиз йўқ.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.