Ижтимоий тармоқларда мурожаат қилиб чиққан аёл аслида экстремистик, террористик даъватлар билан шуғуллангани маълум бўлди

Улашиш:

Жорий йилнинг 30 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро мурожаати акс этган видео хабар тарқатилди. Унда аёл ИИБ ходимлари томонидан улар яшаган хонадон тинтув қилингани, шунингдек, уларга нисбатан қўпол муомалада бўлингани ҳақида мурожаат қилиб чиққан.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.
2020 йил 11 июнь куни Чирчиқ шаҳар ИИБ Терроризм ва диний экстримизмга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган маълумотга асосан, Тошкент вилояти ИИББ ТЭҚКБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида рўйхатда туриб, Чирчиқ шаҳарда яшовчи, оилали 3 нафар фарзанди бор 1982 йилда туғилган Г.Б. youtubeʼ интернет тармоғи орқали “Сурия давлатида фаолият олиб бораётган террористик ташкилотлар томонидан тайёрланган экстремистик ва террористик руҳдаги видеороликларни доимий кўриб келиши, telegaramʼ тармоғида улар томонидан юритиладиган гуруҳларга аъзо бўлиб, доимий равишда экстремистик, террористик руҳдаги даъватлар акс этган материалларни эшитиб, сақлаб ва ўзининг танишларига мунтазам тарқатиб, тарғиб қилиб келганлиги аниқланган.

Шу билан бирга, қизи 2003 йилда туғилган (мактаб ўқувчиси) Х.У.фойдаланиб келган телефон хотирасида экстремистик руҳдаги аудио-видео материаллар, youtubeʼ саҳифасида сақланган халқаро террористик ташкилотлар видеороликлари, экстремистик даъватлар акс этган файллар борлиги, ушбу телефон аппаратидан олдин ўзи (Г.Б.) фойдаланганлиги ва юклаб олганлиги аниқланган. Шунингдек, у қариндошлари томонидан очилган telegramʼ гуруҳига ҳам турли экстремистик руҳдаги маърузаларни тарқатиб келган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасида Г.Б. га тегишли бўлган телефон аппаратлари хотирасидаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғирилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш таъқиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Г.Б. га нисбатан 2020 йил 30 июнь куни Чирчиқ шаҳар ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаронинг оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, унга «тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқаролардан, журналист, блогер ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан, тўғридан-тўғри ички ишлар тизимини обрўсизлантиришга қаратилган, текширилмаган ёки бир томонлама ўрганилган ахборот ва хабарларни тарқатмасликларини, бу каби ҳолатларда расмий манбалар орқали ҳолатга аниқлик киритишларини ва олинган маълумотларни холис етказишларини сўраймиз, дейилади Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати хабарида.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.