“Солиқчи ва ёшлар учрашуви”: расмиятчиликдан амалий ечимлар сари

Улашиш:

Дўстлик тумани Мевазор МФЙда Жиззах вилоят ДСБ бошлиғи Юнусжон Насимджоновнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.  

Тадбирда 20 нафарга яқин ёшлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони, имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам сўрашди. Уларнинг бизнес-режаси мутахассисларнинг дастлабки муҳокамасида  маъқулланиб, мурожаатлар қондириладиган бўлди. Тегишли ташкилотларга 5 нафар ёшга ер майдони, яна 5 нафарига имтиёзли кредити ажратилиши бўйича топшириқ берилди.

Табиийки, саноат корхоналарида ишлаш истагини билдирувчи ёшлар ҳам талай. Учрашувда “Дўстлик барака чеварлар” текстил корхонаси фаолияти ҳақида корхона раҳбари Лочинбек Абдураипов маълумот берди ҳамда ишлаш истагини билдирган ёшларни суҳбатга таклиф этди. Тадбирда 10 нафар ёшлар билан шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси имзоланди.

Туманда истиқомат қилувчи аҳолининг 18 минг нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг 2000 нафарга яқини ишсиз экани аниқланган. Уларнинг барчасини қисқа муддатда ишга жойлаштириш имконсиз эканлиги аён. Шу сабабли ёшларнинг хоҳишига кўра, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмак кўрсатилиш ёки касб-ҳунар ўрганишига шароит яратилиши таъкидланди. Ҳамда уларнинг эгаллаган касб-ҳунарига кўра, ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши ҳақида маълум қилинди.

Анъанага кўра, тадбир сўнггида туманнинг фаол ёшлари, интизомли солиқ тўловчи бўлган тадбиркорлик субъектлари эгалари Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Бу эса ёшларда изланишга ва аниқ  мақсад сари интилишга мотивация вазифасини бажаради, десак янглишмаймиз.

Учрашув ниҳоясига етгач, 50 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиши кутилаётган “Дўстлик барака чеварлар” корхонасига инфо-тур ташкил этилди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.