Трамп шифохонадан кетди ва яна қайтди. Нега?

Улашиш:

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз тарафдорларини қаршилаш учун ўзи даволанаётган шифохонани қисқа вақтга тарк этди. Бу ҳақда «Кун» нашри ёзмоқда.

Трамп машинада кўчада тизилиб турган тарафдорларига қўлини силкитиб кетган, бироқ машинадан тушмаган. АҚШ президенти ва унга ҳамроҳлик қилган барча кишиларда тиббий ниқоб бўлган. Президент кортежи қисқа сафардан кейин яна шифохонага қайтган.

Бундан аввалроқ эса Трамп шифохона олдида тўпланган тарафдорлари олдига чиқиши мумкинлигини айтган.

“Биз кўчада тўпланган ажойиб ватанпарварлар учун кичик сюрприз уюштирамиз”, деб айтган АҚШ президенти твиттерда жойлаган видеомурожаатида.

Бу орада Трамп даволанаётган шифохонада ишловчи шифокор Жеймс Филлипс касаллигига қарамай, шифохонани тарк этишга қарор қилган АҚШ президентининг бу ишини қоралаб, уни “ақлсизлик” деб атаган

Шифокорнинг айтишича, ўша “мутлақ кераксиз” сафарда Трамп билан машинада бўлганларнинг барчаси 14 кунга карантинга жойлаштирилиши лозим.

“Улар касалликка чалиниши ва ҳаттоки ўлиши мумкин. Қандайдир сиёсий саҳналаштириш учун. Трамп буни амалга ошириш учун уларга ҳаётини хавф остига қўйишни буюрган. Бу ақлсизликдир”, деб ёзган шифокор твиттерда.

Аввалроқ Трамп ва унинг рафиқасида коронавирус аниқланганди. Шундан кейин Трампни даволаш учун ҳарбий-тиббий марказга ётқизишга қарор қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.