Солиқ идоралари бош Қомусимиз талабларини бажариш йўлида

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 28 йил тўлди. Йигирма саккиз йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, ўз маъносида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз жоиз. Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Айни пайтда Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида мамлакатимизда улкан вазифалар амалга ошмоғи лозим. Энг аввало, Президентимизнинг “Одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур” деган сўзларининг ижросини таъминлашимиз зарур.

Ўтган йиллар давомида фуқароларимизнинг Конституцияда муҳрлаб қўйилган давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзи халқимиз олдига бормоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида 4-сектор идоралари томонидан 2020 йил давомида 200 мартадан ошиқ сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилди. Бу солиқ идоралари учун ҳам катта ўзгаришдир.

Яна бир эътиборга молик ишлар қаторида коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Коррупцияга қарши курашиш тизимининг такомиллашиши  давлат аппарати ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу хавфли иллат билан курашдаги куч ва имкониятларини бирлаштириш имконини берди. Эндиликда Давлат солиқ хизмати тизимида ҳам халқаро ISO 37001:2016 сертификатини қўлга киритган ташкилотлар сафига киришга жиддий ҳаракат қилинмоқда.

Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси жамоаси барча юртдошларимизни Конституциямизнинг 28 йиллиги билан табриклаб, энг эзгу тилакларни тилайди. Юртимиз тинч, халқимиз омон, Конституциямиз барча эзгу ишларга асос бўлаверсин!

 

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.