“Кальяри”: Шомуродов ортга қайтади!

Улашиш:

ФИФА кунлари муносабати билан ўз мамлакатлари терма жамоаларига жалб қилинган футболчилар ўз бурчларини бажариб, энди клублари ихтиёрига қайтади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг яхши тўпурари Элдор Шомуродов бош мураббий Сречко Катанец таклифи билан АҚШда ташкил этилган хорижий ўқув-машғулот йиғинида қатнашди.

Италия матбуоти “Кальяри” ҳужумчисининг терма жамоадаги фаолиятини ҳам алоҳида эътибор билан кузатиб бормоқда. Манбалар Шомуродов бўйича ўз позицияларини футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилди.

АҚШда терма жамоамиз иккита ўртоқлик ўйинида қатнашди. Сент-Луис шаҳрида мезбонларга қарши баҳсда вакилларимиз дарвозадан учта тўп ўтказиб юборди. Элдор Шомуродов фаол ўйнашга ҳаракат қилди, лекин дарвозабон билан бирга бир вазиятда имкониятни бой бериб, гол ура олмагани билан кўзга ташланди.

Сречко Катанец Атланта шаҳрида Мексика терма жамоасига қарши бўлган ўртоқлик ўйинида Шомуродов хизматидан фойдаланмасликка қарор қилди. Терма жамоамиз вакиллари “Кальяри” ҳужумчисиз ҳам ўйнай олишини кўрсатиб, мексикаликлар посбони Гильермо Очоани ўз дарвозасидан учта тўп олиб чиқишга мажбур қилди.

- “Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов 3:3 ҳисобида якунланган Ўзбекистон ва Мексика ўртасидаги баҳсни 90 дақиқа захира ўриндиғидан кузатди. Энди ўзбек футболчиси ортга – Сардинияга қайтишга тайёр. У “Кальяри” ва бош мураббий Клаудио Раньери ихтиёрида бўлади. Жамоа 17 сентябрь куни ўз майдонида “Удинезе”га қарши ўйинга тайёргарлик кўрмоқда, - деб ёзди cagliarinews24.com журналисти Лоренцо Ширру.

 - “Кальяри”ни олдинда  Андреа Соттилнинг “Удинезе”сига қарши бўладиган қийин беллашув кутиб турибди. Ҳамма сардинияликлардан ўз майдонидаги биринчи ғалабани кутяпти. Бироқ Клаудио Раньери бошчилигидаги мураббийлар штаби ўз мамлакатлари терма жамоаларига жўнат кетган ўйинчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини ўрганиб чиқишига тўғри келади. Айниқса, клуб мутасаддилари халқаро ўйинларда қатнашган уругвайлик Найтан Нандес ва ўзбекистонлик Элдор Шомуродов ҳолатини тўғри баҳолаши талаб этилади, - деб ёзмоқда италиялик журналист Диего Демуртас.

- Ўзбекистон 13 январдан бошлаб, Осиё кубогининг финал босқичида иштирок этади. Мексикага қарши ўртоқлик ўйинида Бобур Абдухолиқов, Азизбек Турғунбоев ва Отабек Шукуров гол урди.

“Кальяри” вакили Элдор Шомуродов иккинчи ўртоқлик ўйинида бир дақиқа ҳам ўйнамади. Ҳужумчи ҳали ҳам юқори спорт формасини тиклаб олмаган. Энди у Италия чемпионатида Клаудио Раньери қўл остида тайёргарликни давом эттиради, - деб ёзди calciocasteddu.it журналисти Игнацио Каддео.

“Кальяри” ўтган мавсумда плей-офф баҳсларида икки ўйин натижасига кўра, “Бари”ни мағлуб этиб, юқори дивизион йўлланмасини қўлга киритган эди. Жамоани А Серияга олиб чиққан Клаудио Раньерига “Кальяри”ни юқори лигадаги жойини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган.

Бироқ дебютантга осон бўлмаяпти. Сардинияликлар дастлабки учта учрашувдан фақат бир очко ишлай олди. Жамоага катта умидлар билан олиб келинган Элдор Шомуродов жисмоний тайёргарлиги етарли даражада бўлмагани боис, ўзини кўрсата олмаяпти.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.