Шомуродов мухлислари ўқиши учун: аниқ фактлар!

Улашиш:

Кучли бешлик чемпионатлари орасида ўзига хос мураккаблиги билан ажралиб турадиган А Серия ҳам бошланди. Бу чемпионатда кучли бешликнинг қолган вакилларидан фарқли равишда яққол устун бўлган жамоа йўқ.

Англияда “Манчестер Сити”, Германияда “Бавария”, Испанияда “Реал” ва “Барселона”, Францияда ПСЖ ҳар мавсум чемпионликка асосий номзод бўлиб қолаверади. Бошқа жамоалар ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин, мавсум охирида бош соврин айнан юқорида номи келтирилган клублар ҳисобига ўтиб кетаверади.

Италия чемпионатида ундан эмас. Скудетто учун ҳар йили бир неча жамоа, хусусан, “Интер”, “Милан”, “Ювентус”, “Наполи” кураш олиб боради. Бу мавсум “Аталанта”, “Рома” ва “Лацио”дан ҳам сюрпризлар кутиш мумкин.

Кучли бешлик чемпионатларини алоҳида қизиқиш билан кузатиб борадиган ўзбекистонлик футбол мухлислари бу мавсум “Кальяри”га ишқибозлик қилади.

Сабаби оддий – бу жамоада миллий терма жамоамиз сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов тўп тепади.

Ўтган мавсум якунига кўра, плей-офф орқали А Серияга чиққан “Кальяри”нинг янги мавсумдаги асосий вазифаси юқори дивизиондаги ўрнини сақлаб қолиш ва Италия кубогида имкон қадар узоқроқ боришдан иборат.

 Мухлислар эътиборига Элдор Шомуродов ва “Кальяри”га оид қизиқарли фактларни ҳавола этамиз.

1-факт: “Кальяри” янги мавсум учун 30 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди. Трансфер ойнаси ёпилгунига қадар бу кўрсаткич ўзгариши мумкин.

2-факт: 30 нафар ўйинчидан 16 таси жамоага янги қўшилди. Улар орасидан етти нафари бошқа клублардан сотиб олинди, саккиз нафари ижарадан қайтди. Элдор Шомуродов “Рома”дан, Гаэтано Ористанио “Интер”дан ижарага олинди.

3-факт: Таркибнинг 43,3 фоизини легионерлар ташкил қилади.

4-факт: Бу мавсум “Кальяри” таркибида маҳаллий футболчилардан ташқари Сербия, Словакия, Бразилия, Гана, Уругвай, Конго, Хорватия, Греция, Чехия, Перу, Ангола ҳамда Ўзбекистондан келган ўйинчилар тўп тепади.

5-факт: Асосий таркибнинг умумий трансфер нархи 49,33 миллион еврони ташкил қилади.

6-факт: “Кальяри”нинг энг қимматбаҳо ўйинчиси сифатида Элдор Шомуродов қайд этилган. Унинг трансфер суммаси 6 миллион еврога тенг.

7-факт: “Кальяри”нинг энг арзон ўйинчиси захира дарвозабони Симоне Арести ҳисобланади. 37 ёшли позбоннинг трансфер нархи 75 минг еврони ташкил қилмоқда.

8-факт: “Кальяри” сафида Европа, Жанубий Америка, Африка ва Осиё қитъасидан ўйинчилар жамланган.

9-факт: Элдор Шомуродов “Кальяри” таркибидаги ягона осиёлик футболчи.

10-факт: Элдор Шомуродов учун “Кальяри” А Сериядаги тўртинчи жамоа. Бунгача легионеримиз “Женоа”, “Рома” ва “Специя”да ўйнаган.

11-факт: Элдор Шомуродов Италияда ўзи ўйнаган жамоалар “Женоа”, “Рома” ва “Специя”да А Серияда гол уришга муваффақ бўлган. Энди навбат “Кальяри”га.

Эслатиб ўтамиз, Клаудио Раньери шогирдлари Италия чемпионатидаги дастлабки учрашувини 21 август куни Туринда “Торино”га қарши ўтказади. Бу баҳс Тошкент вақти билан соат 21:30 да бошланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.