“Барселона” Шомуродовнинг тайёргарлигини синовдан ўтказади

Улашиш:

Мавсумолди йиғинларида ўртоқлик учрашувлари муҳим аҳамият касб этади. Келаси мавсум Чемпионлар лигаси йўлланмаси ва Европа лигаси бош соврини учун курашишни мақсад қилган “Рома” раҳбарияти футболчиларнинг тайёргарлигини маромига етказишга катта эътибор қаратмоқда.
Рим клуби мутасаддилари ёзги ўқув-машғулот йиғинлари вақтида жамоанинг кучли клублар билан ўртоқлик учрашувларида ўз имкониятини синовдан ўтказишини таъминлаш мақсадида ҳозирдан бўлажак рақиблар билан келишувга эришишга ҳаракат қиляпти.
Corriere dello Sport нашрининг хабар беришича, асосий таркиб 4 июлдан Тригорияда тўпуланади. Футболчилар тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейин бевосита жисмоний машғулотларга киришади.
Мураббийлар штаби ўз мамлакати миллий терма жамоасига жалб қилинган етакчи футболчиларга қўшимча дам олиш учун имкон яратиб беришга қарор қилди. Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовга ҳам қўшимча вақт берилади.
Терма жамоаларга жалб қилинган ўйинчилар қолган футболчиларга бир ҳафтадан сўнг, Португалиядаги биринчи йиғин давомида қўшилади.
Жозе Моуриньо шогирдлари дастлабки ўқув-машғулот йиғини доирасида Франция чемпионати вакили “Ницца” билан ўртоқлик учрашувида куч синашади. “Ницца” чемпионатни бешинчи ўринда якунлади ва келаси мавсум Еврокубокларда иштирок этади. Французлар халқаро майдондаги турнирда муваффақиятли иштирок этиш учун тайёргарликка зўр бергани айтилмоқда.
Аввалроқ, “Рома” Исроилда ташкил этиладиган ўртоқлик учрашувида “Тоттенхэм” билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушишни режалаштиргани ҳақида хабар берган эдик. Кўпчилик кутаётган бу баҳс июль ойи охирида бўлади.
“Тоттенхэм” бир неча йиллик танаффусдан кейин янги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этади. Антонио Конте ўз шогирдларини катта мусобақага пухта тайёрлаш мақсадида ўқув-машғулот йиғинларида кучли рақиблар билан куч синашишга эътибор қаратмоқда.
Ниҳоят, “Рома” 6 август куни аъанавий Жоан Гампер кубоги учун ўтказиладиган беллашувда “Барселона” билан тўқнаш келади. Бу энг узоқ муддат давом этиб келаётган ўртоқлик мусобақаларидан бири ҳисобланади.
Бу турнир 1966 йилдан бери “Барселона” асосчиси Жоан Гампер шарафига ўтказиб келинмоқда. Табиийки, бўлажак учрашувларда Элдор Шомуродов ҳам иштирок этади. Жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо ўзбек футболчисини келажак мавсумда Римда олиб қолишга қарор қилган ва уни ёзда кетадиган футболчилар рўйхатидан чиқарди.
Элдор Шомуродов ўртоқлик ўйинларида ҳам ўзини кўрсатиб, “Рома”нинг керакли ўйинчисига айланишини тилаб қоламиз!

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.