“Кальяри”: Хайр, Шомуродов!

Улашиш:

Жаҳон футболида ФИФА кунлари муносабати билан кўплаб лигаларда қисқа муддатли танаффус эълон қилинади. Клублар ўз таркибларидаги терма жамоалар ўйинчиларини юртларига қўйиб юборишига тўғри келади.

“Кальяри” жамоасида ҳам турли мамлакатлардан келган легионерлар бор ва улар орасида ўз терма жамоаларидан таклиф олганлари Сардинияни тарк этади.

L'Unione Sarda нашрининг ёзишича, “Кальяри” бош мураббийи Кладио Раньери ўн нафар шогирди билан хайрлашди ва қолган ўйинчилар билан А Сериянинг тўртинчи турига тайёргарликни давом эттиради. Италияда кейинги тур баҳслари 16 сентябрдан бошланади.

“Кальяри” ўн нафар футболчисини терма жамоаларга кузатмоқда. Хусусан, Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан АҚШга йўл олади.

Шунингдек, Найтан Нандес Уругвай, Гаэтано Ористанио ва Маттео Прати Италия U-21, Адам Оберт Словакия U-21, Зито Лувумбо Ангола, Антуан Макумбо Конго Демократик Республикаси, дарвозабон Борис Радунович Сербия, Матеуш Витеска Польша ҳамда Пантелис Хацидиакос Греция терма жамоасидан чорлов олган.

Бу футболчилар ўз юртлари олдидаги вазифасини бажаришга кетган вақтда, Клаудио Раньери бошчилигидаги мураббийлар штаби клубда қолган ўйинчилар билан машғулот ўтказади. Бундан ташқари, улар жароҳат олган ўйинчиларнинг оёққа туришини тезлаштириш бўйича иш олиб бориши айтилмоқда.

Сречко Катанец бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор АҚШга йўл олади. Футболчиларимиз уммонортида хорижий ўқув-машғулотларини ўташ билан бирга АҚШ ва Мексика терма жамоалари билан халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Элдор Шомуродов мамлакатимиз бош жамоасининг сардори ва энг яхши тўпурари ҳисобланади. 28 ёшли ҳужумчимиз халқаро миқёсида 65 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 37 маротаба ишғол қилган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Терма жамоамиз мураббийлар штаби сентбярь ойи йиғинига Элдор Шомуродовдан ташқари, яна бир неча легионерларни жалб қилган. Хусусан, Туркиядан “Разеспор” жамоаси ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов, “Фатиҳ Карагюмрюк” ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров, Россиядан “Рубин” ҳимоячиси Рустам Ашурматов, Бирлашган Араб Амирликларидан “Шабаб Ал-Аҳли” вакили Азиз Ғаниев, Қозоғистондан “Ордабаси” ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов ва яқинда Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” жамоасини тарк этган ҳужумкор футболчи Жалолиддин Машарипов ҳам терма жамоамиз билан АҚШга боради.

АҚШ терма жамоаси навбатдаги йиғин ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши бўладиган ўртоқлик ўйинига “Милан”дан Кристиан Плушич, “Ювентус”дан Уэстон Макенни, “ПСВ Эйндховен”дан Сержино Дест каби машҳур футболчиларни таклиф қилди.

Мексика миллий терма жамоаси эса, бўлажак ўйинларга “Салернитана” дарвозабони Гильермо Очоа, “Фулхэм” форварди Рауль Хименес, “Хьюстон Динамо” ярим ҳимоячиси Эктор Эррера, яқинда “Вест Хэм”га ўтган Эдсон Альварес каби машҳур футболчилар хизматидан фойдаланади.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 9 сентябрь куни Сент-Луисдаги “CityPark” стадионида АҚШ футболчилари билан куч синашади.

Мексика терма жамоаси билан бўладиган ўртоқлик учрашувига 12 сентябрь куни Атлантадаги “Mercedes-Benz” аренаси мезбонлик қилишига кутиляпти.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.