Сув солиғи. У қандай ҳисобланади?

Улашиш:

Айни кунларда айрим ижтимоий тармоқларда сув солиғи ва уни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ турли нотўғри талқиндаги маълумотлар тарқалмоқда. Шу сабабли, сув ресурларидан фойдаланганлик учун белгиланган солиқни хисоблаб чиқариш ва унинг белгиланган ставкалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунининг 11-иловасига мувофиқ, сув солиғи

  • 1 м3 учун ер усти манбаларидан фойдаланганда 140 сўм,
  • ер ости манбаларидан фойдаланганда 170 сўм қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармонига асосан, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга қисқартирилиши кўрсатилган.

Солиқ кодексининг 447-моддасида қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жорий солиқ даврининг 15 декабригача сув солиғи  учун солиқ хисоботлари тақдим этиш белгиланган.

Сув солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби

Солиқ суммаси солиқ базасидан ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган ҳар йили жорий солиқ даврининг 10 декабридан кечиктирмай қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчилик хўжалигида, сув ресурсларидан фойдаланувчи юридик шахсларга, деҳқон хўжаликлари бўйича эса — ҳисобот даври учун келгуси йилнинг 20 январидан кечиктирмай сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш жойи бўйича солиқ органларига тақдим этади.

 

Сувдан ўлчагич асбобларсиз фойдаланилган тақдирда, унинг ҳажми сув объектларидан сув олиш лимитларидан, сувни истеъмол қилишнинг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан ёки маълумотларнинг тўғрилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

  1. Қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ер усти сув манбаларидан фойдаланганида сув солиғини хисоблаб чиқариш тартиби

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли органларнинг солиқ органларига тақдим этган маълумотлари хар бир фермер хўжалигининг кесимида  экин турлари ва уларга сарфланган сув хажми м3 ўлчов бирлигида тақдим этади. Тақдим этилган маълумотлар асосида сув солиғи хисоблаб чиқарилади

Мисол учун, туман ирригация бўлими томонидан  солиқ органларига тақдим этган маълумотларга кўра “Омадли дала” фермер хўжалиги 2020 йилда 120 750 м3 сув сарфлаган.

Пандемия сабабли белгиланган енгиллик сабабли солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтириб ҳисобланади.

Демак, “Омадли дала” фермер хўжалиги учун 120750 m3 * 70 сўм = 8 452 500 сўм сув солиғи ҳисобланади.

Ер усти манбаларидан фойдаланилган сув сарфи аниқлашни имкони бўлмаганда унинг ҳажми сув объектларидан сув олиш лимитларидан, сувни истеъмол қилишнинг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан ёки маълумотларнинг тўғрилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

  1. Қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ер ости сув манбаларидан фойдаланганида сув солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби

 

Фермер хўжаликлари томонидан ер ости сув манбаларидан фойдаланиш учун махсус сув насосларидан фойдаланилади. Махсус насослар электр энергияси манбаси асосида ишлайди.

Фермер хўжаликлари  туман электр тармоқлари корхонаси билан электр энергияси етказиб бериш бўйича шартонома тузади ва етказиб берилган электр энергиясининг миқдорини ўлчовчи асбоблар ўрнатилади.

Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан фермер хўжаликлари хисобот даври мобайнида қанча электр энергияси сарфлагани ва махсус сув насосларининг куввати (бир соатда қанча электр энергияси сарф қилиниши) тўғрисида солиқ органларига маълумотлар тақдим этади. Тақдим этилган маълумотлар асосида сув солиғи хисоблаб чиқарилади

Ўзбекистон  Респyбликасида  “Коммунал  сув  таъминоти  тармоқлари  ва оқова  сувларни узатиш системаларидан  фойдаланиш қоидалари”га асосан махсус сув насослари бир соатда жойлашган жойи ва ер остида қанча чуқурликда жойлашишига қараб қанча миқдорда сув чиқариши тўғрисида калькулация мавжуд.

 

Мисол учун Молгузар СИУ ҳудудидаги “Фурқат Соатов” фермер хўжалиги махсус сув насоси учун ҳисобот даврида 62 072 кв электр  энергияси сарфлаган.

Туман электр тармоқлари солиқ органларига тақдим этган маълумотда “Фурқат Соатов” фермер хўжалигининг махсус насос қуввати – 32, қудуқлар сони – 1та, 10 ойлик сарфланган электр энергия миқдори –62 072 кВ, деб кўрсатилган.

Ҳисобот дарида махсус насос учун сарфланган электр энергияси миқдори, махсус насос бир соатда сарф қилинадиган электр энергияси сарфи миқдорига бўлинади ва махсус насос ҳисобот даврида неча соат ишлагани аниқланади.(62 072 : 32 = 1939,75) Махсус насос ҳисобот даврида ишлаган соати махсус насос бир соатда қанча сув чиқариши бўйича калкулацияси бўйича миқдорига кўпайтирилади ва ҳисоб даврида неча куб сув сарланганлиги аниқланади.

Калкулация бўйича ЭЦВ 8 махсус насоси 125 метр чуқурликдан соатига 40 куб сув чиқаради.

62 072 : 32 = 1939,75 * 40 = 77 590 * 85 = 6 595 150

Бунда:

62 072 - ҳисобот даврида жами сарфланган электр энергия сарфи;

32 – махсус насос бир соатда сарфлайдиганэлектр энергия миқдори;

1939,75 – махсус насос ҳисобот даврида жами ишлаган соати;

 40 – калькулация бўйича махсус насос бир соатда чиқарадиган сув миқдори м3 да;

77 590 – ҳисобот даврида фермер хўжалиги томонидан жами сарфланган сув ҳажми м3да;

85 – жорий йил учун қишлоқ хўжалиги корхоналари учун сув солиғи ставкаси;

6 595 150 – мисол сифатида кўрсатилган “Фуркат Соатов” фермер хўжалиги 2020 йил учун хисобланган сув солиғи миқдори (сўмда)

            Солиқларни ҳисоблаб чиқариш борасида савол ва муаммоларингиз бўлса, интернетдаги норасмий тармоқларга эмас,  ҳудудий давлат солиқ идоралари ҳамда вилоят ДСБнинг 222-07-00 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этишингизни сўраймиз.

 

Сарвар Сулаймонов,

Жиззах вилояти ДСБ бўлим бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.