Жиззахда дунёнинг 300 та топ институтлари ичига кирадиган Ҳиндистоннинг “Sambhram” технология институти филиали очилади

Улашиш:

Бугун Жиззах вилояти ҳокимлигида Ҳиндистон давлатининг “Sambhram” гуруҳининг филиали ҳисобланадиган “Sambhram” технология институти филиалининг очилиши юзасидан учрашув ўтказилди.

Учрашувда “Sambhram” гуруҳининг раси Dr.Nagraj Venkatesh, институт декани Dr.Chandrakanth Hanumae Gowda ва халқаро алянслар маслаҳатчи Naga Subramanian Srinivasan иштирок этишди. Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокимлигида, вилоят ҳокими Эргаш Салиев кутиб олди.

“Sambhram” технология институти “Sambhram” гуруҳининг филиали бўлиб, у таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой қуриш, мулкни ривожлантириш, меҳмонхоналар ва дам олиш жойларидаги хизматлари билан кенг танилган. Институтнинг 30 йиллик изчил ва сифатли таълим тажрибаси бўлиб, дунё бўйлаб 7 та халқаро кампуслари (талабалар шаҳарчаси)га эга.
Кучли бошқарув базаси ва бир хил даражада кучли ресурслар базаси бўлганлиги туфайли “Sambhram” технология институти бугунги кунда технологик таълим соҳасида кучли мақомга эгадир.
Шу боис, Ҳиндистоннинг энг чекка ҳудудларидан ҳамда бошқа мамлакатлардан мазкур институтда таълим олишни хоҳлаётган ёшлар сони йил сайин ошиб бормоқда.

Институтнинг асосий мақсади келажак авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талабалар билан амалий фаолият олиб бориш, етук профессионал кадрларни тайёрлаш, талабаларни ва иш берувчиларни ҳамда жамият талабларига мос келадиган сифатли таълим тизимини яратиш, талабаларнинг мақсадига мувофиқ кўникма, қадрият ва фазилатларга эга бўлган етук кадрлар сифатида шакллантириш, технологик тараққиёт билан ҳамнафаслик ҳиссини доимо ошириб бориш ҳамда инсоният фаровонлиги учун дахлдорлик даражасини шакллантиришдир.

     
“Sambhram” технология институти филиалини яратиш ва унда ўқитиш йўналишларини белгилаш бўйича амалий ҳаракатларга ўтиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва “Sambhram” гуруҳининг раси Dr.Nagraj Venkatesh ўртасида меморандум имзоланди. “Sambhram” технология институтининг Жиззахдаги филиалида 6 та факультет очилади.

Меморандум имзолангач “Sambhram” технология институтининг филиали очилиши бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида “Sambhram” технология институти филиали фаолияти юзасидан саволларга жавоб берилди.

 Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.