Жамиятда гендер тенглиги, аёл юристларнинг роли ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари

Улашиш:

Жиззах юридик техникумида талабалар иштирокида ўтган очиқ мулоқотда Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Дилшод Эшматов, вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Луиза Халитова, вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Сирожиддин Қувватов ҳамда Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси Ансатбай Каражановлар иштирок этишди. 

Кун тартибидаги мавзу юзасидан судьялар томонидан мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглиги айтилди.

Бундан ташқари судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда  20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилганлиги, айни пайтда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши 14 фоизга етганлиги, Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратиши, зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдириши, бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Ўтган қисқа даврда соҳада фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 174 нафарга етгани, уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатиб келаётгани баён қилинди.

Очиқ мулоқотда хотин-қизларга яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, техникум талабаларига суд тизимига кириш учун ҳужжатларини топшириш тавсия этилди.

Ўтказилган очиқ мулоқотда талабаларининг мавзу юзасидан  қизиқтирган бир қанча саволларига судьялар томонидан жавоб берилди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.