Астрономлар қора туйнуклар маконини аниқлади

Улашиш:

Astronomy&Astrophysics журналида хабар берилишича, Hubble коинот телескопи воситасида ҳамда Gaia лойиҳаси доирасида олинган маълумотлар асосида NGC6397 шарсимон тўдани тадқиқ қилган Париж астрофизика институти олимлари унинг марказида массаси Қуёш массасига яқин бўлган кўп сондаги қора туйнукларни аниқлаган. Тўда Ердан 7 800 ёруғлик йили масофасида жойлашган.

Мазкур шарсимон тўдадаги юлдузларнинг орбитаси систематик айлана ёки чўзинчоқ доира шаклида эмас, балки тасодифий шаклларга ўхшаш эканлиги олимларнинг эътиборини тортган. Бу ҳақида Париж астрофизика институти мутахассиси, илмий тадқиқотнинг етакчи муаллифи Эдуард Витрал шундай деган:

«Бизнинг таҳлиллар шуни кўрсатдики, шарсимон тўдадаги юлдузларнинг орбитаси тасодифий шаклларга яқин бўлиб, тизимли ёки чўзинчоқ айлана шаклида эмас экан».

Шарсимон тўдалар бу – фавқулодда зич юлдуз системалари бўлиб, улар бир-бирига жуда яқин жойлашган бўлади. Бундан ташқари, одатда бундай тўдалардаги юлдузлар жуда кекса бўлади. Париж астрофизика институти ходимлари тадқиқ қилган ушбу NGC6397 шарсимон тўданинг ёши ҳам коинот ёшидан сал кичик холос.

Фото: ESA, Hubble, Н. Бартманн
Витрал илмий гуруҳи томонидан NGC6397 шарсимон тўдани тадқиқ қилишдаги дастлабки мақсад – галактика марказида бўладиган ўта катта массали қора туйнуклардан кичикроқ, лекин юлдузнинг коллапси натижасида ҳосил бўладиган, яъни юлдуз массасига эга қора туйнуклардан каттароқ ўлчамдаги «оралиқ» массали қора туйнукни излашдан иборат бўлган. Бироқ мутахассислар мазкур шарсимон тўдада оралиқ массали қора туйнукка дуч келиш ўрнига юлдуз тўдаларини сочма ҳаракат қилишга мажбурловчи бошқачароқ кўринмас компонентга дуч келиб қолишган. Юлдуз эволюцияси моделларини қўллаган ҳолда олимлар ушбу шарсимон тўданинг асосий қисмини юлдуз массасига эга қора туйнуклар ташкил қилиши ҳақидаги хулосага келган.

«Биз NGC6397 марказий қисмида кўринмас масса мавжуд экани борасида ишонарли далиллар топдик. Шуниси ҳайратланарлики, у нуқтавий эмас, балки шу тўданинг ўз ўлчамидан бир неча фоизгача ястаниб кетган. Бизнинг тадқиқотимиз зич ядрога эга шарсимон тўдадаги бундай қора туйнуклар маконини ўлчам ва массаларига кўра аниқлаб берган биринчи тадқиқотдир», – деб хулоса берган Эдуард Витрал.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.