Руҳий саломатлик сири: деразадан 3 та дарахт кўриниб туриши керак

Улашиш:

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, уй яқинида кўкатлар қанчалик кўп бўлса, одамлар психологларга шунчалик кам мурожаат қилишади.
Испаниянинг Барселона шаҳридаги Помпеу Фабра университети, Глобал соғлиқни сақлаш институти ва Биотиббиёт тадқиқотлари институти олимларининг аниқлашича, йирик шаҳар аҳолисининг руҳий саломатлиги атроф-муҳитнинг кўкаламзорлаштириш даражасига боғлиқ. Унинг аниқ формуласи 3/30/300 кўринишида.
3 – деразадан қараганда кўриниб турадиган дарахтлар сони. Улар 15 метрдан узоқ бўлмаган масофада туриши керак.
30 фоиз – аҳоли яшайдиган микроҳудуднинг кўкаламзорлаштириш даражаси, бу майсазорлар, гулзорлар, яшил тўсиқлар, ўсимликларга бурканган деворлар ва дарахтлар бўлиши мумкин.
300 метр - энг яқин парк, хиёбон ёки яшил майдонгача бўлган масофа.
Агар учта параметр ҳам бажарилса, бу руҳий саломатлик учун жуда яхши ҳисобланади. Бундай омадли одамлар руҳий жиҳатдан соғломроқ, тинчлантирувчи дорилар ва антидепрессантларни камроқ қабул қилишади ва психологларга камроқ мурожаат қилишади.
Муаллифларнинг таъкидлашича, бу илк тадқиқот ва ҳозирча у фақат Барселона шаҳри мисолида олиб борилган. Кўриниб турибдики, бу фақат шаҳарликлар учун амал қилади, қишлоқда шартлар бутунлай бошқача. Аслида, тадқиқотнинг мақсади ҳам шаҳардаги муҳитни қандай ташкил қилиш ҳақида бўлган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.