Тошкентда кўчат эмас, катта дарахтлар экилади. Италия ва Туркиядан 10 мингта дарахт олиб келинган

Улашиш:

Жорий йилнинг баҳорида Тошкентнинг 21та кўчаси бўйлаб манзарали ва мевали дарахтлар экилади. Бу борада янги ёндашув қўлланилади – кўчат эмас, балким катта дарахтлар экилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.

“Лойиҳанинг асосий ғояси шундан иборатки, кўкаламзорлаштириш масаласига жаҳон стандартлари асосида ёндашилади. Масалан, айни пайтда Тошкентда кўчатлар экилмоқда. Дунёда эса бошқа амалиёт қўлланилади – кўчатлар махсус жойларда экилиб, маълум ёшга киргунига қадар ўша ерда сақланади. Шаҳарда эса катта дарахтлар экилади. Шунда аҳоли сояда дам олиш имкониятига эга бўлади”, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходими, Flowers Garden компанияси мутахассиси Мурат Эрмайдан.

Унинг сўзларига кўра Ўзбекистонда дарахтлар ёшини ҳисоблашади. Масалан,   беш ёшли шумтол ёки йигирма ёшли эман, дейишади.

“Бундай ёндашув нотўғри. Дарахт поясининг бўйи ва ҳажми муҳимдир. Соғлом дарахтлар навига қараб халқаро стандартларга мувофиқ бўлиши керак. Италия ва Туркиядан 10 мингта дарахт келтирдик. Бу навлар албатта Ўзбекистон заминида яхши ўсади”, - деди у.

Бундан ташқари, заранг, шумтол, каштан, сирень, чинор, лола дарахти, олма, олча, гилос, липа ва бошқаларни экиш режалаштирилган.

Илдиз мустаҳкамлиги ва поянинг тик ўсиши учун дарахтлар “репикаж” усули билан экилади. Кўкаламзорлаштириш ишлари Кичик халқа йўли, Мустақиллик, Навоий, Ислом Каримов, Афросиёб, Шаҳрисабз, Ойбек ва Бобур кўчаларида олиб борилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.