Жиззах вилоятидаги 220/110/10 квли «сарибозор» подстанциясига 124 мва қўшимча қувват қўшилди

Улашиш:

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Матбуот хизмати Жиззах вилоятининг қатор туманларида истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилаётган ҳақида хабар берган эди. 

Жиззах вилоятининг Зомин, Зарбдор, Янгиобод ва Шароф Рашидов туманларида электр энергияси таъминоти яхшиланмоқда: http://minenergy.uz/uz/news/view/1153

Унда Жиззах вилоятида “Зомин цемент”, “Зомин текстил”, ва “Жиззах контекс” МЧЖлари, “Зомин фарм”, Темир-бетон махсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси, Зарбдор тумани ҳудудида 2 та текстил корхонаси, иссиқхоналар, янги ташкил этилаётган фермерларнинг тик қудуқлари, Янгиобод тумани ҳудудида янги ташкил этилаётган фермерларнинг тик қудуқлари, Шароф Рашидов тумани ҳудудида “Жиззах ЭИЗ” филиали, каби янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилаётгани алоҳида қайд этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги йиғилиш баённомасининг тегишли бандларида белгилаб берилган топшириқларга асосан Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳудудида барпо этилаётган йирик қувватга эга бўлган электр энергия истеъмолчиларини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида 220/110/10 кВли «Сарибозор» подстанциясида мавжуд 63 МВАли АТ-1 ҳамда АТ-2 трансформаторлар 125 МВА қувватга эга автотрансформаторларга алмаштирилди.

Натижада юқори кучланишли подстанция иш фаолятига 124 МВА қўшимча қувват қўшилди. Айни пайтда унинг ўтказувчанлик қуввати қарийб икки баробарга ортиб, 250 МВА эга бўлди. Ўрнатилган автотрансформаторлар жорий йилнинг март ойида кучланиш остига қўйилиб, синов муддати тугаганидан сўнг тўлиқ ишга туширилди.

Шу билан бирга, 220/110/10 кВли «Сарибозор» подстанциясида 2 дона 110 кВли тармоқ ячейкалари ўрнатиш ишлари якунланди ва фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Юқорида санаб ўтилган қўшимча қуватлар эвазига Жиззах вилоятининг Бахмал ва Ғаллаорол туманидаги барча электр энергия истеъмолчилари ҳамда Зафарабод ва Фориш туманида жойлашган айрим йирик ишлаб чиқариш корхоналарини сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилиги бирмунча ошишига эришилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, подстанцияда олиб борилган модернизация-реконструкция ишларининг умумий қиймати 11,0 млрд.сўмни ташкил этади.

Амалга оширилаётган ишлар республикамиз истеъмолчиларининг электр энергиясига йилдан-йилга ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш учун хизмат қилади.

 Ғайрат Аҳмедов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали директори 

Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.