Жиззах шаҳрида кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш бўйича инвестицион шартнома имзоланди

Улашиш:

Сўнгги йилларда Жиззах вилоятини комплекс ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий ўсишини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва саноатини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада BMB Trade Group компанияси ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Зеро, компания мазкур вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш инфратузилмасини такомиллаштириш, қайта ишлашни ташкил этиш ва экспортга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган йирик тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг ўсимлик ёғига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этгани ҳолда, ёғ-мой корхоналари томонидан йилига 259 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилмоқда. Бу республика аҳолисининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга, ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи эса импорт ҳисобига таъминланмоқда деганидир. Шу боис ҳозирги кунда барча ҳудудларда мойли экинлар етиштириш ҳажмини кескин ошириш, мазкур жараёнда замонавий технологияларни кенг жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.

Жорий йилнинг 23 апрель куни ВМВ Trade Group компаниясининг Тошкент шаҳридаги бош офисида ВМВ Trade Group ҳамда Венгриянинг Kiss Group компаниялари ўртасида Жиззах шаҳрида кунгабоқар ёғи ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича инвестицион шартнома имзоланди. Мазкур жараёни онлайн шаклда амалга оширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абат Файзуллаев, Венгриянинг Ўзбекистондаги элчиси Питер Сантош, BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Kiss Group компанияси президенти Лазло Кишш, Венгрия элчихонасининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Янош Ваник ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги департаменти бошлиғи Акромжон Алиев иштирок этди.

Маросимда икки мамлакат элчилари ва бошқа иштирокчилар амалга оширилаётган ушбу лойиҳа икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини таъкидлашди. Тадбир сўнггида ВМВ Trade Group ва Kiss Group компаниялари ўртасида инвестицион шартнома имзоланди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ўсимлик ёғига бўлган талаб тобора ўсиб бораётгани ушбу лойиҳанинг аҳамиятини яққол ифодалайди. Қолаверса, лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизда ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжни қоплаш билан бирга, ишлаб чиқарилган маҳсулотни қўшни давлатлар (Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон)га экспорт қилиш имконини беради.

Венгриялик ҳамкорлар билан рўёбга чиқарилиши режалаштирилган лойиҳанинг йиллик қуввати 200 минг тонна кунгабоқар пистасини қайта ишлашга мўлжалланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 90 миллион евро ортиқни ташкил этади. Шунинг 52 миллион еврога тенг қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Хусусан, лойиҳани молиялаштиришда ҳамкор компаниянинг ҳамда Венгрия “Эксимбанк”и маблағлари ҳам жалб этилади.

Ўз навбатида, келгусида маргарин ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши республикамизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ер майдонларидан унумли фойдаланиш, чорвачилик хўжаликлари учун тўйимли озуқалар тайёрлаш миқдорини ошириш ҳамда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, янги доимий ҳамда мавсумий иш ўринлари яратиш имконини беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.